Путин Трампнинг ортидан Хитойга югурди
Таҳлил
−
20 Май 3973 7 дақиқа
Трампнинг ортидан Путин Си Цзиньпиннинг ёнига учиб борди. Расмий ташрифда томонлар ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича шартномалар имзолади. Бундан ташқари учрашувда Яқин Шарқдаги уруш қораланди ва “ўрмон қонунлари”га қайтиш хатарли эканлиги таъкидланди.
Жорий йилнинг 14-15 май кунлари АҚШ президенти расмий ташриф билан Хитойга борганди. Орадан бир неча кун ўтиб, Россия делегацияси ҳам Хитойга ташриф буюрди. Буни кўпчилик Трамп ортидан Путин Пекинга югуриб борди дея талқин қилди. Аслида эса, ундай эмас. АҚШнинг Хитойга расмий ташрифи март ойига режалаштирилганди. Аммо Яқин Шарқдаги можаро туфайли бу учрашув бир неча бор ортга сурилиб ва ниҳоят май ойига тўғри келди.
Россиянинг ҳам Хитой билан 2001 йилда имзоланган яхши қўшничилик, дўстона алоқаларга бағишланган чорак асрлик мустаҳкам алоқалар муносабати билан жорий йилнинг май ойида Пекинга ташриф буюриши олдиндан режалаштирилганди. Шундай қилиб, Хитой учун май ойи катта мезбонлик саҳнасига айланди. АҚШ ва Хитой учрашувидаги энг нозик ва муҳим воқеалар ҳақида ҳам кўрсатув тайёрлаганмиз, у билан You-tube саҳифамизда эфирга узатилган дастурларимиз орқали танишингиз мумкин.
АҚШ ОРТИДАН РОССИЯ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ҲАМ ХИТОЙДА
Росссия Президенти Владимир Путин 2026 йилдаги илк хорижий сафарини Хитойга ташриф буюриш билан бошлади. Мазкур расмий ташриф Россия-Хитой ўртасидаги яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг 25 йиллиги муносабатига бағишланган.
Учрашув 19-20 май кунлари бўлиб ўтди. Путин Хитойга ташрифи арафасида Хитой халқига видеомурожаат қилди. Унда президент мамлакат халқига самимий салом йўллаб, икки давлатнинг дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш ниятини билдирди. Шунингдек, у бу учрашув кимларгадир қарши бирлашиш эмаслигини, балки тинчлик ва фаровонлик йўлидаги ҳаракат эканлиги айтди.
“Қадрли хитойлик дўстлар, сизларга салом йўллайман. Қадрдон дўстим Си Цзиньпиннинг таклифига биноан яна Пекинга ташриф буюраётганимдан мамнунман. Си Цзиньпиннинг Россия билан узоқ муддатли ҳамкорликка бўлган интилишини самимий қадрлайман. Бизнинг дўстона муносабатларимиз келажак учун режаларни белгилаш ва уларни амалга оширишга ёрдам беради. Россия ва Хитойнинг яқин стратегик ҳамкорлиги жаҳон майдонида барқарорлаштирувчи муҳим роль ўйнайди. Биз кимгадир қарши дўстлашмаяпмиз, балки тинчлик ва умумий фаровонлик йўлида ишлаяпмиз”, дейди президент.
Шундан сўнг, 19 май куни Россия Президенти Хитойга йирик делегация билан ташриф буюрди. Делегация таркибида 5 нафар Бош вазир ўринбосари, 8 та вазир, президент администрацияси вакиллари, бир қатор вилоят раҳбарлари, давлат корпорациялари раҳбарлари, йирик банклар бошқарув раислари ҳамда бизнес вакиллари ўрин олган.
Шунингдек, делегация таркибида Россия Марказий банки раҳбари Эльвира Набиуллина ва Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев ҳам ўрин олган. Меҳмонларни аэропортда Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И кутиб олди. Шундан сўнг, Путиннинг Пекиндаги дастури Тяньаньмэнь майдонидаги расмий маросимидан бошланди.
ЁПИҚ ЭШИКЛАР ОРТИДАГИ МУЗОКАРАЛАР
20 май куни, Россия Президенти Владимир Путин ва ХХР раиси ўртасидаги музокаралар Пекиндаги Халқ мажлислари уйида бошланди. Музокаралар аввал тор доирасида бўлиб ўтди. Унда Россия ва Хитой ўртасидаги энг муҳим ҳамда сезгир масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда Путин Си Цзиньпинни яна бир бор қадрли дўстим деб атади. Шунингдек, у кузда Шэньчжэньда бўлиб ўтадиган “Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти” саммитида иштирок этишга тайёрлигини ҳам қўшимча қилди. Путин дўстини келаси йил яъни 2027 йилда Россияга бориши учун таклиф қилди.
“Хитойда шундай дейишади: бир кун кўришмасанг, гўё уч куз ўтгандек бўлади. Бугун муносабатларимиз мисли кўрилмаган даражада юқори босқичга чиқди ва ҳақиқий кенг қамровли шериклик ҳамда стратегик ҳамкорлик намунасига айланди”, дейди Путин.
Си Цзиньпин Россия ва Хитой дунёнинг муҳим давлатлари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши аъзолари сифатида янада адолатли глобал бошқарув тизимини шакллантириши лозимлигини билдирди. Шунингдек, у 25 йил аввал имзоланган қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси икки давлат муносабатларида катта ривожланишга йўл очганини қайд этиб, Пекин келишув муддатини узайтиришни қўллаб-қувватлашини қўшичма қилди.
“Хитой–Россия муносабатлари сиёсий ўзаро ишонч ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнидаги қатъий ирода туфайли босқичма-босқич ҳозирги юқори даражага чиқди”, деган Хитой раҳбари.
Шундан кейин, кенгайтирилган таркибдаги учрашув бошланади, унда Россия томонидан 39 киши қатнашади. Икки давлат етакчилари ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши тўғрисида қўшма баёнот имзоланди.
Икки мамлакат вакиллари 20 та қўшма ҳужжатни имзоладилар. Ушбу қўшма ҳужжатлар саноат, савдо, транспорт, қурилиш, атом энергетикаси, шунингдек, таълим, кинематография соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ахборот агентликлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.
Музокаралар чоғида Путин Россия-Хитой муносабатлари мустаҳкамлик синовидан ўтганини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, икки мамлакат халқларининг фаровонлиги ва гуллаб-яшнаши каби мустаҳкам пойдеворлар уларнинг муносабатларига ушбу синовлардан муваффақиятли ўтиш имконини берди.
“Бизнинг мақсадимиз – Россия ва Хитой халқларининг фаровонлиги ва гуллаб-яшнашидир. Бу мустаҳкам пойдеворлар бизнинг муносабатларимизга мустаҳкамлик ва бардошлилик синовларидан бир неча бор муваффақиятли ўтиш имконини берди", деди Путин.
Томонлар 2001 йилда имзоланган, “Яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги” асосий шартномадан сўнг, ўтган чорак вақт давомида Россия-Хитой ҳамкорлиги сезиларли даражада кенгайганини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, Россия раҳбари Владимир Путин Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири Ли Сянь билан алоҳида савдо-иқтисодий масалаларни ҳам муҳокама қилди.
Бундан ташқари, учрашувда глобал вазиятлар ҳам таҳлил қилинди. Жумладан, АҚШ ва Исроилнинг Яқин Шарқдаги ҳужумлари барқарорликка путур етказадиган халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиш деб ҳисобланилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, минтақавий парчаланиш ва “ўрмон қонуни”га қайтиш хатарли эканлиги алоҳида таъкидланди. Томонлар АҚШнинг “Олтин гумбаз” лойиҳаси халқаро жамият учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини қўшимча қилинди.
“Яқин Шарқда ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилиши зарур ва можаронинг қайта бошланиши мумкин эмас. Бунинг ортидан дунё “ўрмон қонунлари”га қайтиш хавфига дуч келмоқда", деб таъкидлади Си Цзиньпин.
“СИБИР КУЧИ-2” БЎЙИЧА КЕЛИШУВ
Учрашувда, томонлар “Кўп қутбли дунёнинг шаклланиши ва янги типдаги халқаро муносабатлар тўғрисида”ги декларацияга имзо чекди. Улар, шунингдек, “Ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида”ги баёнотни ҳам қабул қилди.
Бундан ташқари, Россия ва Хитой “Сибир кучи 2” лойиҳасининг асосий параметрлари бўйича келишувга эришди.
Москва ва Пекин кўп қутбли дунёни яратиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Буни мезбон давлат етакчиси эълон қилди.
Хитой Россия билан визасиз режимни 2027 йилнинг 31 декабригача узайтиради. Бу қарор Хитой Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинди.
Путиннинг Пекинга ташрифи давомида Хитойга Россия газни етказиб беришни кўпайтириши асосий масалалардан бири бўлди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Эрон ва АҚШ-Исроил уруши фонида Россия нефть ва газига нисбатан АҚШ санкциялари қисман бекор қилинганди. Си Цзиньпин Эрондаги урушни тугатиш зарурлигини айтиб ўтди.
““АҚШ-Эрон-Исроил” уруши жаҳон энергия таъминоти ва халқаро савдо барқарорлигига ҳам таъсир кўрсатди. Тўқнашувларнинг тўхтатилиши нафақат минтақада тинчлик ўрнатади, балки дунё бозоридаги энергия таъминоти ва халқаро савдо-сотиқнинг хавфсиз давом этишига замин яратади”, деди Хитой президенти.
Унинг сўзларига кўра, урушни тугатиш глобал энергия таъминоти ва халқаро савдо барқарорлигига таҳдидни камайтиришга ёрдам беради.
ЖОНЛИ ЭФИРДАГИ БАЁНОТ
Путин ва Си Цзиньпин Пекиндаги музокараларидан сўнг, оммавий ахборот воситаларида жони чиқиш қилди. Унда музокараларда эришилган ютуқлар ва яхши қўшничилик алоқалари ҳақида сўз борди. Си Цзиньпин Путин билан музокараларни дўстона ва самарали деб атади. У Россия ва Хитой БМТнинг обрўсини қатъий ҳимоя қилишини ва гегемонликнинг ҳар қандай кўринишларига қарши чиқишини билдирди.
Шунингдек, у Россия ва Хитой ўзларининг асосий манфаатларига таъсир қилувчи масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этишлари кераклигини айтди.
“Россия ва Хитой ўзларининг асосий манфаатларига таъсир қилувчи масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этиши керак. Россия ва Хитой бир-бири учун стратегик таянч бўлиши керак”, деди Си Цзиньпин.
Россия Президенти икки мамлакат глобал бозорлардаги салбий тенденциялардан ҳимояланган барқарор ўзаро савдо тизимини яратганини, бу эса, халқаро майдонда барқарорлаштирувчи муҳим роль ўйнашини айтди. Ўзаро савдолар “рубль” ва “юань” амалга оширилишини яна кенгайтиришни билдирди. Икки кунлик расмий ташриф давомида иккала давлат етакчилари Россия-Хитой муносабатлари тарихдаги энг юқори даражага етганини айтиб ўтди.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
БарчасиБухорода яна зилзила бўлди
21 Май