Эрдўғаннинг Қозоғистонга саёҳати
Таҳлил
−
18 Май 1698 9 дақиқа
Жаҳонда юз бераётган сўнгги воқеалар фонида, транспорт йўлаклари, энергетика, савдо ва хавфсизлик масалалари глобал сиёсат марказига чиқаётган бир пайтда Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Қозоғистонга қилган сафари ҳам оддий дипломатик ташрифдан кўра, каттароқ маъно касб этаётгандек. Россия-Украина уруши ортидан ўзгарган логистика тизими, Хитой ва Европа ўртасидаги янги савдо йўллари учун кураш ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги интеграцион ҳаракатлар Туркия раҳбарини яна Остонага чорлади.
Эрдўған Остонада
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдоған 13 май куни давлат ташрифи билан Қозоғистонга етиб келди. Қозоғистоннинг ҳарбий қирувчи самолётлари Эрдўғаннинг самолётини мамлакат ҳаво ҳудудига кириши биланоқ кузатиб борди. Туркия раҳбарини Остона халқаро аэропортида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг шахсан ўзи кутиб олди. Ташриф учун пойтахт кўчалари Туркия ва Қозоғистон байроқлари билан безатилди, аэропортда эса, фахрий қоровул саф тортди. Юқори мартабали меҳмон шарафига Қозоғистон Ҳаво мудофаа кучларининг қирувчи самолётлари намойиш парвозини амалга оширган. Самолётлар ортидан қизил ва оқ рангли тутун изларини қолдириб, Туркия байроғини акс эттирган
.jpg)
Кутиб олиш маросими ҳақида гапирар экан Туркия раҳбари Қозоғистонни “ота макон” деб атаган.
“Қозоғистон ҳаво ҳудудига кирганимиздан бошлаб самолётлар ҳамроҳлигида кутиб олинишимиз делегациямиз учун катта ҳурмат бўлди. Буни унутмаймиз”, деган Туркия Президенти.
Шундан сўнг, икки давлат раҳбарлари расмий делегация аъзоларини бир-бирига таништирган. Туркия делегацияси таркибида ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, мудофаа вазири Яшар Гулер, савдо ва саноат вазири Ўмер Болат ва Президентлик алоқа директори Бурҳониддин Дуран ҳам бор эди.
Икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган Стратегик ҳамкорлик бўйича олий даражадаги кенгашнинг VI йиғилишида қатор сиёсий ва иқтисодий масалалар шу жумладан, энергетика, транспорт-логистика, мудофаа саноати, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини 15 миллиард долларга етказиш масаласи кун тартибига қўйилган. Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва товар айланмаси ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилган. Ўтган йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 8,8 фоизга ёки 5,4 миллиард доллардан ошган.
“Савдо, энергетика, мудофаа саноати, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилдик. Икки томонлама савдо ҳажмини 15 миллиард долларга етказиш ниятимизни тасдиқладик”, дейди Туркия раҳбари.
Аммо шубҳасиз, ташрифдан асосий мақсад ҳам, музокараларнинг асосий мавзуси ҳам Ўрта коридор масаласи бўлган дейиш мумкин. Россия-Украина уруши ортидан ўзгарган логистика йўллари ва Марказий Осиёнинг транзит аҳамияти ортиб бораётгани фонида транспорт коридорлари муҳим мавзуга айланди. Айнан мана шу ерда, ташриф нега айнан Қозоғистонга бўлгани сабаби ойдинлашади. Ўрта йўлакнинг Марказий Осиёдан ўтувчи қисми Қозоғистонга тўғри келгани учун ҳам бугун унинг Анқара сиёсатидаги ўрни ошди.
Эрдўған бу йўналишни "Ипак йўлининг замонавий кўриниши" деб атади. Келишувларга кўра, Қозоғистон Актау ва Курик портлари имкониятларини кенгайтиради, турк инвесторлари эса, бу портлар инфратузилмасига жалб этилади. Ўтган йили иккала мамлакат ўртасида темир йўл орқали юк ташиш 35 фоизга, автомобиль йўллари орқали юк ташиш эса 5 фоизга ошгани музокараларда алоҳида аҳамият касб этди.
.jpg)
Музокаралар натижасида имзоланган ҳужжатлар пакетига кўра, ҳуқуқий ёрдам, маданий марказлар, инвестицияларни ҳимоя қилиш, нефть-газ ҳамкорлиги, учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқариш, таълим ва телерадиокомуникация каби қатор соҳалар бўйича икки томонлама келишувлар расмийлаштирилди. Шунингдек, “Kaspi.kz” платформасининг Туркиянинг “Hepsiburada” электрон тижорат платформасига кўмак бериши, “Freedom Holding Corp” компаниясининг эса, Туркияда рақамли ва брокерлик хизматларини кенгайтиришига келишиб олинди.
Ташриф давомида Эрдўған Қозоғистоннинг янги таъсис этилган “Хўжа Аҳмад Яссавий” орденини олган биринчи шахсга айланди. Маросимда сўзга чиққан Тўқаев Эрдўғанга нисбатан илиқ фикрлар билдириб, уни туркий дунёнинг етакчиларидан бири деб атади.
“Сиз туркий дунёнинг энг обрўли етакчиларидан бирисиз. Сиз қардош мамлакатларнинг маънавий ва сиёсий бирлигини мустаҳкамлаш йўлида тинимсиз саъй-ҳаракат қилиб келмоқдасиз”, деди у.
Сиёсатшунос Данияр Ашимбаевнинг таъкидлашича, ташриф оҳангига эътибор берсак, бу шунчаки расмий мулоқот эмасди: икки раҳбар орасида ака-ука муносабатлари эмас, балки тенг ҳамкорлик руҳи ҳукмрон эди. Россия-Украина уруши сабабли анъанавий савдо йўллари издан чиққан бугунги кунда Қозоғистон учун Туркия билан яқинлашув мақсад эмас, бу –зарурият. Остона ғарбга йўл очувчи “Ўрта йўлак”ни қанчалик мустаҳкамласа, Москвага боғлиқликдан шунчалик йироқлашади. Анқара эса, бу йўналиш орқали Марказий Осиёга мустаҳкам қадамлар билан кириб келмоқда.
.jpg)
Туркистондаги норасмий саммит
Эрдўған ташрифи фақат икки томонлама муносабатлар билан чекланиб қолмади. Остонадан сўнг, Эрдўғаннинг кейинги манзили Қозоғистоннинг қадимий Туркистон шаҳри бўлди. Бу ерда 15 май куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар етакчиларининг “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” шиори остида норасмий саммити бўлиб ўтди. Туркий давлатлар ташкилотнинг норасмий саммити доирасида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон раҳбарлари ва ташкилот кузатувчи аъзолари йиғилди.
Саммит бошланишидан олдин етакчилар бирга Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди. XIV аср охирида Амир Темур фармойиши билан барпо этилган, бугун UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган бу муҳташам иншоот туркий халқларнинг муштарак илдизларинининг рамзларидан бири ҳисобланади.

Ушбу саммитда асосий эътибор туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий интеграция, сунъий интеллект, транспорт йўлаклари, хавфсизлик ҳамда сиёсий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилди. Музокаралар давомида Туркия президенти Эрдўған туркий дунё глобал геосиёсий ўзгаришлар фонида янада яқинлашиши кераклигини таъкидлади. Саммит якунида Туркистон декларацияси қабул қилинди. Унда аъзо давлатлар орасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш, квант ҳисоблаш технологиялари ва ягона рақамли маконни яратиш бўйича мажбуриятлар белгиланди. Бундан ташқари, 2027 йилни туркий дунёда “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Шунингдек, киберхавфсизлик, маданий ҳамкорлик ва туркий идентитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу йўналишларга алоҳида урғу бериб, таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини қайд этди.
“Бу борада умумий механизм сифатида киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянсни тузиш ташаббусини илгари сураман”, деди Мирзиёев.
Саммитнинг асосий мавзуларидан бири “Ўрта коридор” – Хитойдан Марказий Осиё, Каспий денгизи, Кавказ ва Туркия орқали Европага чиқадиган транспорт йўлаги масаласи бўлди. Иштирокчи томонлар ушбу йўналишни Россия ҳамда Форс кўрфази орқали ўтувчи анъанавий маршрутларга муқобил стратегик транзит тармоғи сифатида баҳолаётганини таъкидлади. Айниқса, Ҳормуз бўғози атрофидаги геосиёсий кескинликлар, Россия-Украина уруши фонида Шимолий йўлакнинг хавфли бўлиб қолгани фонида Каспий денгизи орқали ўтувчи савдо йўлларининг аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан логистика тизимлари, портлар, темирйўл инфратузилмаси ва божхона механизмларини ўзаро уйғунлаштириш масалалари муҳокаманинг марказида бўлди.
“Бугун Ҳормуз бўғози марказидаги инқироз кўрсатиб турибдики, туркий дунёни, айниқса Ўрта йўлакни боғлайдиган транспорт лойиҳалари келгуси йилларда ҳам бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолади. Туркия сифатида биз юқори технологиялар ёрдамида шакллантирган мудофаа саноатида орттирган тажрибамизни ташкилотимиз аъзолари билан баҳам кўришга тайёрмиз” деди Эрдўған.
Тадбир доирасидаги энг эътиборли таклиф Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан берилди. У Ўрта коридорни қурилаётган “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли билан боғлашни таклиф қилди ва божхона маълумотларини тўлиқ рақамлаштириш зарурлигини таъкидлади.
“Ўрта коридорнинг стратегик ролидан келиб чиқиб, биз уни айни пайтда қурилаётган Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли билан боғлашга катта эътибор қаратамиз. Бу логистика занжирлари бўйлаб маълумотлар узатиш, юкларни кузатиш ва жараёнларни уйғун ҳолда ташкил этиш имконини беради”.
Бу таклиф сиёсий жиҳатдан нақадар муҳим эканини тушуниш учун географияга эътибор қаратиш керак. Транс-Каспий халқаро транспорт йўналиши Хитойдан бошланиб, Қозоғистон орқали Каспий денгизига, сўнг Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европага боради. Ўзбекистон ҳудуди бу йўналишда бевосита қатнашмайди. Яъни транзит даромадлар, логистика оқимлари ва геосиёсий таъсир асосан Қозоғистон ва Озарбайжон қўлига тўғри келади. Айнан шу сабаб Тошкент учун қурилаётган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли стратегик аҳамият касб этмоқда. Бу йўл Ўзбекистонни Хитойдан Марказий Осиёга, у ердан эса Ғарбга узатилаётган юк оқимига тўғридан-тўғри улайди.
Бундан ташқари, агар лойиҳа ушбу темир йўл билан боғланмаса, Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Европага чиқариш учун уларни аввал Қозоғистонга ташиши керак бўлади, бу эса ўз навбатида ортиқча харажат ҳам деганидир. Шу фонда, Мирзиёевнинг саммитдаги таклифи Ўзбекистоннинг “Ўрта коридор” лойиҳасидаги ролини ошириш ва давлат манфаатларини халқаро доирада илгари суриш ҳисобланади.

Саммитда муҳим бир саволга ҳам аниқлик киритилди. Ахборот майдонида Туркий давлатлар ташкилотини ҳарбий альянсга айлантириш ҳақидаги фикрлар пайдо бўлиб турган бир пайтда, Қозоғистон Президенти Тўқаев бундай ғояларни қатъий рад этди.
“Туркий давлатлар ташкилоти — бу геосиёсий лойиҳа ҳам, ҳарбий ташкилот ҳам эмас. Бу биродар давлатлар ўртасидаги савдо, иқтисодий, юқори технологияли, рақамли ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган ноёб платформадир”, деди у.
Аслида ҳам Туркия билан ҳамкорликда ҳарбий иттифоқ тузиш Қозоғистоннинг бошига Украинанинг куни тушишига олиб келиши муммкин. Қозоғистон Россия билан чегарадош ва МДҲ мажбуриятлари доирасида ҳаракат қилувчи давлат. Ҳарбий иттифоққа кириб қолиш унинг кўп векторли ташқи сиёсатига жиддий зарба бериши мумкин эди. Москванинг сўнгги йиллардаги сиёсати ҳам шуни кўрсатдики, НАТО ёки бошқа ҳарбий альянснинг чегараси остига келишига у жим қараб турмайди.
Саммитнинг расмий қисми якунигача эса, Эрдўған яна бир бор ўзининг бошқача сиёсатчилиги билан диққатни тортди. Туркистон кўчаларидан ўтаётган пайтда Туркия Президенти тўсатдан кортежини тўхтатди ва йўл четида тўпланиб, қўл силкиб турган маҳаллий аҳоли билан саломлашди, улар билан бирга суратга тушди. Хавфсизлик протоколлари доирасида бундай ҳолат одатий эмас. Аммо бу орқали Эрдўған қардош халқлар билан ҳукумат биноларида эмас, кўча суҳбатлари орқали ҳам боғлана олишини кўрсатади. Ушбу кичик ҳаракатлар орқали Туркия раҳбари Марказий Осиё аҳолисининг кўнглига кира олди ёки бошқача қилиб айтганда, Туркиянинг юмшоқ кучини сезиларли ортишига сабаб бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Қозоғистонга ташрифи ва Туркистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити “Ўрта коридор” лойиҳасининг истиқболини ҳал этишдаги навбатдаги қадам бўлди дейиш мумкин. Туркияга қатор имкониятлар яратувчи ушбу лойиҳа Марказий Осиё давлатлари учун ҳам муҳим. Айниқса, Ўзбекистон учун бу тармоқдан четда қолиб кетмаслик ўта муҳим.
Live
Барчаси