Қозоғистоннинг “пайтавасига қурт тушди”. Мамлакат Россия билан урушдан хавфсираяпти – ОАВ

Таҳлил

image

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, Марказий Осиёдаги Россия Федерацияси билан чегарадош ягона давлат — Қозоғистон Москва билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” Қозоғистоннинг амалдаги ҳамда собиқ амалдорлари, сиёсатчилари ва таҳлилчиларининг сўзларига таяниб ёзмоқда.

Қайд этилишича, Қозоғистон энди АҚШ, Туркия ва Хитой сиймосида янги иттифоқчилар қидира бошлаган. 

“Кўп йиллар давомида Қозоғистонда Россия ва Хитой ўртасида сўзсиз “меҳнат тақсимоти” мавжуд эди: Москва хавфсизликни назорат қилган, Пекин эса иқтисодий ривожланиш билан шуғулланган”, дейилади мақолада.

Қайд этилишича, Украинада уруш бошланиши билан вазият ўзгара бошлаган. Апрель ойи охирида Хитой Миллий мудофаа вазири Вэй Фэнхэ Қозоғистонга ташриф буюрган ва у ерда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашиб, ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган.

Бундан ташқари, Қозоғистон НАТО аъзоси бўлган Туркия билан яқинроқ алоқа ўрнатишга интилмоқда. Май ойи бошида Тўқаев Анқарага расмий ташриф билан борган, у ерда икки давлат вакиллари Қозоғистонда ҳарбий дронларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича келишув имзолаган. 

Шунингдек, апрель ойидан бери Қўшма Штатлардан Қозоғистонга бир қанча расмийлар келган, масалан, июнь ойида мамлакатга АҚШ Марказий қўмондонлигининг янги раҳбари, армия генерали Майкл Эрик Курилла ташриф буюрган.

Нашрнинг қайд этишича, Қозоғистон Украинанинг қаттиқ қаршилигидан сабоқ олиб, мамлакат мудофаа бюджетини 441 миллиард тенгега (918 миллион долларга яқин) оширишга қарор қилган. Шу билан бирга нашр суҳбатдошига кўра, Қозоғистон Украинадаги можародан хулоса қилган ҳолда, армияни гибрид урушга тайёр бўлиши учун ислоҳ қилиши керак.

“The Wall Street Journal”нинг ёзишича, Ғарбда баъзилар Россия армиясини хавфли бўлмаган душман деб ҳисоблай бошлаганига қарамай, Марказий Осиё давлатларидан бирининг юқори мартабали амалдори расмий Москва амбициялари қаршисидаги қўрқув тобора кучайиб бораётганини айтган.

Бошқа Марказий Осиё давлатлари каби Қозоғистон ҳам Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин урушга нисбатан бетарафликни сақлаб қолди. WSJ маълумотларига кўра, мамлакатда нозик мувозанат сақланиб турибди: Қозоғистон Украинадаги урушга қарши намойишларни тақиқлади, бироқ Россия босқинининг рамзларидан бири бўлган “Z” белгисини омма олдида намойиш қилишни ҳам чеклади.

Маълумот учун, 17 июнь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия Президенти Владимир Путин иштирокидаги Санкт-Петербург иқтисодий форумида нутқ сўзлаб, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХРни квазидавлат ҳудудлари деб атади ва Қозоғистон уларни тан олмаслигини маълум қилди.

Бундан ташқари, Қозоғистон Ғарбнинг айрим санкцияларини қўллаб-қувватлашга тайёрланаётган эди: июль ойи бошида Қозоғистон Молия вазирлиги санкция рўйхатига киритилган товарларни Россия ва Беларусга етказиб беришни тақиқловчи буйруқ лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. 6 июль куни Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков буни изоҳлар экан, ҳозирча ҳеч қандай қарор йўқлигини ва “ҳукуматлар доимий алоқада” эканини айтди. Шундан кейин ҳужжатнинг қабул қилиниши ҳақида хабар берилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон Путин Тўқаев

Баҳолаганлар

1734

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг