Путин ва Трамп Малайзияга келади – Бош вазир
Олам
−
13 Сентябрь 6857 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп октябрь ойида Куала-Лумпурда бўлиб ўтадиган ASEAN саммитида иштирок этади. Бу ҳақда Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим маълум қилди.
Саммитда Хитой Бош вазири Ли Цян, Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва, Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса ҳамда бошқа етакчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Июль ойида Куала-Лумпурда ASEAN'га аъзо мамлакатларнинг Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши ўтказилган эди. Унда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам қатнашиб, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан Украина атрофидаги вазият, шунингдек, Эрон ва Сурия масалаларини муҳокама қилган.
Лавровнинг таъкидлашича, Россия ва ASEAN ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий хавфсизлик соҳасида кучайиб бормоқда ва бу ҳамкорлик Осиё-Тинч океани минтақасида барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Кремль ҳам, Оқ уй ҳам ҳозирча бу маълумотни расман тасдиқламаган.
Путин ва Трамп охирги марта Россия–АҚШ саммитида Аляскада учрашган, ундан аввал эса бир неча бор телефон орқали суҳбатлашган.
Маълумот учун, ASEAN саммити Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг энг йирик йиғилиши бўлиб, унда аъзо давлатларнинг сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилинади. Ташкилот 1967 йилда тузилган ва ҳозирда унга 10 та давлат аъзо бўлган. Саммит орқали савдо, энергетика, экология ва рақамли технологиялар бўйича ҳамкорлик кучайтирилади. ASEAN шериклари сифатида АҚШ, Хитой, Россия, Япония ва Ҳиндистон каби давлатлар саммитда мунтазам қатнашади. Йиғилишлар, одатда, ҳар йили икки марта ўтказилади ва мезбонлик навбатма-навбат аъзолар зиммасида бўлади. 2025 йилги саммит Малайзияда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “Аргументы и Факты” нашрига берган интервьюсида Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Дональд Трамп ўртасидаги иккинчи музокара раунди яқин вақт ичида бўлиб ўтиши мумкинлигини билдирганди.
Live
Барчаси