Путин ва Аббос уч соат нималар ҳақида гаплашди?
Олам
−
13 Август
6634Россия Президенти Владимир Путин Москва яқинида жойлашган Ново-Огареводаги қароргоҳида Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос билан музокараларни якунлади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Улар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилган, шунингдек, Фаластин-Исроил можаросининг кучайиши ва Ғазо секторидаги мисли кўрилмаган гуманитар фалокат муносабати билан Яқин Шарқдаги вазият юзасидан фикр алмашган.
Икки давлат лидерларининг бу учрашуви Исроилнинг Ғазо секторида давом этаётган операцияси, шунингдек, Теҳронда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг ўлими фонида бўлиб ўтди. Президентлар ўртасидаги суҳбат 3 соат давом этган. Путин музокаралар чоғида Россия Фаластинда содир бўлаётган гуманитар фалокатни оғриқ ва хавотир билан кузатиб бораётганини айтди ҳамда ўз халқини қўллаб-қувватлаш учун ҳамма нарсани қилаётган Аббосга миннатдорчилик билдирган.
“Биз авваламбор тинч аҳоли орасидаги йўқотишларидан хавотирдамиз. Фаластин ва унинг халқини қўллаб-қувватлаш учун ҳамма нарсани қиламиз. Минтақада узоқ муддатли, ишончли ва барқарор тинчлик ўрнатишнинг ягона йўли бу – БМТнинг барча резолюцияларини бажариш ва тўлиқ ҳуқуқли Фаластин давлатини барпо этишдир”, деган Путин.
Аббос, ўз навбатида, Россияни энг қадрдон дўстларидан бири деб атаган.
Унинг айтишича, Эрон яқин соатларда Исроилга жавоб бериш борасида қарор қабул қилиши мумкин. Путин билан учрашув якунлари бўйича ТАСС бош директорининг биринчи ўринбосари Михаил Гусманга берган интервьюсида Маҳмуд Аббос Фаластин BRICS йиғилишига кузатувчи форматида таклиф қилиниши ҳақида айтиб ўтган.
“BRICS мавзусини ҳам муҳокама қилдик ва оғзаки келишувга эришилди. Биз яқин келажакдаги воқеалар ривожига нисбатан қарашларимизни ва ушбу қийин даврда ҳар қандай ҳаракат нимага олиб келиши мумкинлигини муҳокама қилдик. Албатта, икки томонлама муносабатлар борасида ҳам суҳбат қурдик. Чунки Фаластиннинг Россия билан жуда узоқ муддатли стратегик муносабатлари мавжуд”, деган Фаластин Президенти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маҳмуд Аббос Россияга етиб боргани, Фаластин Президенти Путин билан унинг Ново-Огареводаги қароргоҳида музокара ўтказгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси