Путин Ўзбекистонга янги элчисини жўнатди
Жамият
−
17 Сентябрь 6703 2 дақиқа
Россиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Алексей Ерхов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Вазирнинг билдиришича, улар мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашишган.
“Икки томонлама кун тартибимизни илгари суриш ва барча соҳаларда ҳамкорлигимизни кенгайтиришда яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Элчи жанобларига мамлакатимиздаги дипломатик фаолиятида юксак муваффақиятлар тилаб қоламиз”, деб ёзди Саидов.
Маълумот учун, Алексей Ерхов 1960 йил 28 октябрда Москвада туғилган. У 1983 йилда Москва халқаро муносабатлар институтини тамомлаган ва шу йилдан бошлаб дипломатик хизматни бошлаган. Ерхов 1983-2000 йилларда Марокаш, Миср ва Исроилдаги Россия элчихоналарида фаолият юритган. 2000-2003 йилларда Россия Президенти маъмуриятида Ташқи сиёсат тадбирларини тайёрлаш бўлими бошлиғи ва ўринбосари бўлиб ишлаган. Кейинчалик у 2003-2006 йилларда Сурия элчихонасида маслаҳатчи, 2006-2009 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги котибияти департаменти директори ўринбосари лавозимида хизмат қилган. 2009-2015 йилларда Истанбулда Россия Бош консули сифатида фаолият олиб борган. 2015-2017 йилларда Россия ТИВ ҳузуридаги Ситуацион-кризис марказига раҳбарлик қилган, 2017 йилдан 2025 йилгача Россиянинг Туркиядаги элчиси бўлиб ишлаган ва бу даврда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов ўз фаолиятини якунлагани ҳақида хабар берилган эди. 5 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб Алексей Ерхов тайинлади.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь