Путин Ўзбекистонга янги элчисини тайинлади
Олам
−
05 Сентябрь 5334 2 дақиқа
Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб Алексей Ерхов тайинланди. Бу ҳақдаги фармон бугун, 5 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин томонидан имзоланди.
Тегишли фармон расмий-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган сайтда чоп этилган.
“Ерхов Алексей Владимирович Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлансин”, дейилади фармонда.
Маълумот учун, Алексей Ерхов 1960 йил 28 октябрда Москвада туғилган. У 1983 йилда Москва халқаро муносабатлар институтини тамомлаган ва шу йилдан бошлаб дипломатик хизматни бошлаган. Ерхов 1983–2000 йилларда Марокаш, Миср ва Исроилдаги Россия элчихоналарида фаолият юритган. 2000–2003 йилларда Россия Президент маъмуриятида Ташқи сиёсат тадбирларини тайёрлаш бўлими бошлиғи ва ўринбосари бўлиб ишлаган. Кейинчалик, у 2003–2006 йилларда Сурия элчихонасида маслаҳатчи, 2006–2009 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги котибияти департаменти директори ўринбосари лавозимида хизмат қилган. 2009–2015 йилларда Истанбулда Россия Бош консули сифатида фаолият кўрсатган. 2015–2017 йилларда Россия ТИВ ҳузуридаги Ситуацион-кризис марказига раҳбарлик қилган, 2017 йилдан 2025 йилгача Россиянинг Туркиядаги элчиси бўлиб ишлаган ва бу даврда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойи ўрталарида Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов ўз фаолиятини якунлаганди.
Live
Барчаси