Путин Украинада ўз мақсадларига эриша олмади – Байден
Олам
−
14 Январь
3133Россия Президенти Владимир Путин Украинада битта ҳам стратегик мақсадга эриша олмади ва украиналиклар АҚШ кўмагида ўз мамлакатларини ер юзидан йўқ бўлиб кетишига йўл қўймади. Бу ҳақда АҚШнинг муддати тугаётган Президенти Жо Байден кеча, 13 январь куни Давлат департаментида ўз маъмуриятининг ташқи сиёсат соҳасидаги тўрт йиллик фаолияти натижаларини сарҳисоб қилган нутқида айтиб ўтди.
“Путин Украинага бостириб кирганида, у Киевни бир неча кун ичида забт этаман деб ўйлаган эди, аммо ҳақиқат шуки, бу уруш бошланганидан бери Киевнинг марказида у эмас, фақат мен турганман. Мана энди уч йил ўтиб, Путин ўзининг ҳеч қандай стратегик мақсадларига эриша олмади, у Украинани ўзига бўйсундира олмади, НАТО бирлигини бузмади ва катта ҳудудий ютуқларга ҳам эриша олмади”, дея таъкидлаган Президент.
Шу билан бирга, у Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди. Россия қўшни давлатга бостириб кириши бошланганидан бери Қўшма Штатлар Украинага иттифоқчилари орасида жуда кенг кўламли ёрдамни кўрсатди.
“Ўтган ойларда Байден яна бир бор қурол-яроғ таъминотини кучайтирди”, дея ёзган AFP News.
Умуман олганда, Байденнинг сўзларига кўра, унинг президентлик даврида "Америка ва унинг иттифоқчилари кучлироқ бўлди”. Қўшма Штатлар “глобал рақобатда ғалаба қозонмоқда”, Хитой тегишли прогнозларга қарамай, уни четлаб ўта олмайди, Россия ва Эрон эса АҚШ иштирок этмаган урушларда заифлашган.
“Тўрт йил олдинги вазият билан солиштирганда, Америка кучлироқ, душманларимиз ва рақобатчиларимиз эсас заифроқдир”, деган Байден.
Якуний нутқида Байден, шунингдек, Яқин Шарқдаги вазиятга ҳам тўхталди. У АҚШнинг томонлар ўртасида бўлажак сулҳ битимини тайёрлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини таъкидлади.
Байденнинг сўзларига кўра, музокарачилар Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш ва у ерда ўт очишни тўхтатишни таъминлаш, ўз навбатида, тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказиш имконини берувчи келишувни тузишга яқин турибди.
“Шунчалик бегуноҳ одамлар ўлдирилди, қанчадан-қанча жамоалар вайрон бўлди. Фаластин халқи тинчликка, ўз келажагини белгилаш ҳуқуқига лойиқдир. Исроил тинчлик ва ҳақиқий хавфсизликка лойиқдир. Гаровга олинганлар ва уларнинг оилалари бирлашишга ҳақлидир. Шунинг учун биз зудлик билан ушбу келишувни амалга ошириш устида ишлаяпмиз”, деган Байден.
АҚШнинг Хитой билан муносабатларини шарҳлар экан, Байден унинг маъмурияти икки давлат муносабатларини ривожлантиришга “масъулиятни ҳис қилган ҳолда” ёндашганини ва шу тариқа ўзининг президентлик давридаги тўрт йил давомида улар ҳеч қачон можарога бориб қолмаслиги учун шароит яратиб берганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 15 январь куни АҚШ президентлигидан кетаётган Жо Байден халқига хайрлашув мурожаати билан чиқиш қилади.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь