Путин Трампни огоҳлантирди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбат чоғида АҚШнинг Украинага Tomahawk туридаги қанотли ракеталарни етказиб бериш эҳтимоли икки давлат ўртасидаги муносабатларга жиддий зарар етказиши, қолаверса, Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш истиқболларига ҳам салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади. Бу ҳақда кеча, 16 октябрь куни Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга берган интервьюсида сўз очди.

“Суҳбатда Украинага узоқ масофага учувчи қанотли Tomahawk ракеталарини етказиб бериш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Владимир Путин бу ракеталар уруш майдонидаги вазиятни ўзгартирмаслиги, аммо бундай қарор Россия ва АҚШ муносабатларига катта зарар етказишини, қолаверса, тинчлик музокаралари имкониятларини ҳам йўққа чиқаришини таъкидлади”, деган Ушаков. 

Унинг сўзларига кўра, Дональд Трамп бугун, 17 октябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашишини айтган ва Путин билдирган фикрларни инобатга олишини маълум қилган. Ушаковнинг ушбу фикларини кўпчилик “Путин Трампни қўрқитиб қўйди” дея талқин қилмоқда. Трамп томони эса бундай “ўдағайлаш” ҳақида лом-мим демаган. 

Маълумот учун, бугунги Трамп ва Зеленский учрашувида Украинага Tomahawk ракеталарини бериш масаласи муҳокама қилиниши мумкин. Путин билан бўлган суҳбатдан кейин Трамп Зеленскийга ушбу мулоқот ҳақида эртаси куни маълум қилишини ваъда берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин Венгрия пойтахти Будапештда учрашиш ва янги музокаралар ўтказишга келишиб олгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Дональд Трамп Tomahawk

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг