Путин содиқ иттифоқчисига рус тилига кўрсатаётган ғамхўрлиги учун раҳмат айтди

Олам

image

Путин Тожикистонда рус тилининг кенг ёйилишига  қўшаётган шахсий ҳиссаси учун Президент Имомали Раҳмондан миннатдор. Бу ҳақда Путин Тожикистон Президенти билан учрашувда сўз очди. 

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон эртага, 28 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этиш учун биринчилардан бўлиб Россияга етиб борди ва Президент Владимир Путин билан учрашди. 

Суҳбат аввалида Путин Раҳмонга таклифини рад этмай, келгани учун миннатдорлик билдирган. 

“Афсуски, эпидемиологик ҳолатлар туфайли сиз билан аввалроқ учрашишнинг иложи бўлмади, лекин сизни Россияда, Санкт-Петербургда кўрганимдан жуда хурсандман. 

Эртага Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига, КХШТга аъзо бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз ва дўстларимиз билан мулоқот қилиш, Янги йил олдидан ўтган йилнинг сарҳисобини қилиш, келгуси йил учун режалар тузиш имконияти мавжуд”, дейди Россия раҳбари.

Владимир Путин сўзида давом этаркан, Тожикистон Россиянинг содиқ иттифоқчиси эканини алоҳида урғулаган. 

“Тожикистон бизнинг содиқ, ишончли ва яқин иттифоқчиларимиздан биридир. Биз барча соҳаларда алоқаларни жуда фаол ривожлантирмоқдамиз. Бу хавфсизлик масалаларига ҳам тегишли. Ҳозир Афғонистон билан чегарадаги вазият – биламан, сиз билан доимий алоқадамиз – маълум бир ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Ва бу объектив ҳолатлар, мен бу ташвишга қўшиламан. 

Биласизки, биз Тожикистон мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида фаол иш олиб бормоқдамиз. Сўнгги пайтларда келишувларимиз асосида Тожикистон қуролли кучларини мустаҳкамлаш, Тожикистон мамлакатингизга ташқаридан келаётган ҳар қандай таҳдидларга самарали қарши туриши учун зарур қурол-яроғ ва техника етказиб бериш амалга оширилди. 

Сиз ва мен бир вақтнинг ўзида яратган ҳарбий база ҳамон ривожланмоқда, минтақа хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Биламан, сиз ҳам ҳарбийларимиз билан доимий алоқадасиз, вазиятни назорат қиласиз. Биз бу борадаги ишларни давом эттирамиз”, дейди Путин.

Путинга кўра, бугун миллионга яқин тожикикстонлик Россияда ишламоқда ва улар жорий йилнинг ўзида ишлаб топган 1 миллиард 700 миллион долларини уйларига, Тожикистонга жўнатган. Қайд этилишича, ишчилар сони кун сайин ортмоқда. Бунда эса Тожикистонда рус тилида алоҳида эътибор қаратилиши муҳим аҳамиятга эга. 

“Ниҳоят, гуманитар компонент жуда муҳим. Мен сизнинг рус тилини ривожлантиришга бўлган эътиборингиз ва ғамхўрлигингизни биламан, у сизнинг қўллаб-қувватлашингиз билан жуда яхши ривожланмоқда. Рус тилини ўрганиш истагида бўлганлар кўп – буни тушунса бўлади, чунки бугунги кунда бир миллионга яқин тожикистонлик Россияда вақтинча яшаб, меҳнат қилмоқда.  Агар ўтган йили улар уйига 1 миллиард 800 миллион доллар атрофида пул ўтказган бўлса, ўтган йили пандемия туфайли, албатта, меҳнаткашлар сони камайган – 1 миллиард 700 миллион доллар атрофида бўлган. 

Лекин, келишиб олганимиздек, Тожикистон иқтисодиётини ҳам, халқини ҳам қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу миграция оқимлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қиляпмиз. Саноатимиз ҳам, умуман иқтисодиётимиз ҳам, қурилиш соҳаси ҳам малакали ва меҳнаткаш кадрларни жалб этишдан манфаатдор. 

Биз рус тилини ўрганиш доирасидаги тайёргарлик одамларни хотиржам ишлашлари ва ўзларини қулай ҳис қилишлари учун мослаштиришнинг энг ишончли усули эканлиги ҳақида гаплашдик”, дейди Путин. 

Ўз навбатида Имомали Раҳмон Путинни ва Россия халқини кириб келаётган Янги йил билан табриклаган ва унга мустаҳкам соғлик тилаган. 

“Маданий-гуманитар алоқалар фаол ривожланмоқда, биз хавфсизлик соҳасида яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Мен сиз билан алоқаларимиз ҳолати ва истиқболларини, шунингдек, афғон муаммоларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилишга тайёрман”, деган Раҳмон. 

Эслатиб ўтамиз, эртага, 28 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг