Путин россияликларни сайловда қатнашишга чақирди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин россияликларни президентлик сайловларида иштирок этишга чақирди. Тегишли чақириқни Россия Федерациясининг амалдаги Президенти Кремль веб-сайтида эълон қилинган фуқароларга видеомурожаатида айтди.

Путин эртага, 15 март куни бутун мамлакат бўйлаб сайлов участкалари очилишини ва президент сайлови учун уч кунлик овоз бериш даври бошланишини эслатди.

“Улар Россияда саккизинчи бор ўтказилмоқда, бу эса демократик давлатнинг асосий тамойилларидан бири – сайловларнинг мунтазамлиги дахлсиз эканини кўрсатади. Уларнинг натижалари яқин йиллардаги мамлакат ривожига бевосита таъсир қилади. Бу муҳим, ўта масъулиятли воқеа”, дейди Путин.

Президент Россияда ҳокимиятнинг ягона манбаи халқ эканини ва мамлакат тақдирини фақат россияликлар белгилашини таъкидлади.

"Сиз нафақат овоз беришингиз, балки ўз хоҳишингиз ва интилишларингизни, Россиянинг янада ривожланишидаги шахсий иштирокингизни қатъий эълон қилишингиз керак, чунки сайловлар келажакка қадамдир", дейди у.

Бундан ташқари, Президент мамлакатда "деярли барча соҳаларда" содир бўлаётган мураккаб муаммолар олдида Россия халқининг бирлиги муҳимлигини таъкидлади.

“Биз Россиянинг эркинлиги, суверенитети ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш, қадриятларимиз, урф-одатларимиз, тарих ва маданиятимизни ҳимоя қилиш, виждон ва ҳақиқат, адолат асосида қандай бирга бўлишни билишимизни аллақачон исботладик. Қандай давлат қуришимиз, қандай режаларни амалга оширишимиз кераклиги ҳақида ўз қарашларимиз бор. Бугун эса бу йўлдан қайтмаслик, режалаштирилган ишларга эришиш, белгиланган кенг кўламли мақсадларга эришиш ғоят муҳим”, деб таъкидлайди Президент.

Унинг сўзларига кўра, бирдамлик, қатъиятни яна бир бор тасдиқлаб, биргаликда олға бориш зарур. 

“Ҳар бир овозингиз қимматли ва аҳамиятлидир. Шу боис, яқин уч кун ичида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишингизни сўрайман. Мамлакатимиз катта ва ҳамма жойда – ҳар бир шаҳарда, ҳар бир қишлоқда сайлов участкалари очилади”, дейди Россия Президенти.

Айни пайтда, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Европарламент энди Россия Федерациясидаги сайловлар ҳақида бир оғиз сўз айтмаслиги керак, деб ҳисоблашини билдирди. Гап шундаки, Европа парламенти Россиядаги сайлов жараёнини кузатмаслигини маълум қилган. 

“Энди улар Россиядаги президентлик сайловлари ҳақида бир оғиз сўз айтишга ҳаракат қилсинлар, шунда ҳамма уларнинг ёлғон гапирганини ёки руҳий касал эканини тушунади”, деб ёзди Захарова Telegram’даги каналида.

Ўз навбатида, Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова сайлов участкаларида 2,4 мингдан ортиқ оммавий ахборот воситаларининг 12,6 минг нафардан ортиқ журналисти иш олиб боришини маълум қилди. Унинг айтишича, Россия президенти сайловларида 1447 нафар журналист ишлаш учун аккредитациядан ўтган, уларнинг ярмига яқини хорижлик.

“Бугунги кунга қадар Федерал Мажлис палаталарининг таклифига биноан сайловга 36 та давлатдан, жумладан, 30 та миллий парламент, шунингдек, 5 та халқаро ташкилотдан кузатувчи сифатида делегациялар келмоқда”, дейди Федерация Кенгаши вице-спикери Константин Косачев.

Россияда президент сайлови уч кун давом этади: 15, 16 ва 17 март. Россия давлати раҳбари лавозимига тўрт номзод: ЛДПРдан Леонид Слуцкий, Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан Николай Харитонов, "Янги одамлар" партиясидан Владислав Даванков ва амалдаги Президент Владимир Путин ўзини ўзи кўрсатган номзод сифатида даъвогарлик қилмоқда.

Маълумот учун, Россия Марказий сайлов комиссияси “Фуқаролар ташаббуси” партиясидан Борис Надеждиннинг президентликка номзодини рўйхатдан ўтказмаган. Бунга уни қўллаб-қувватлаш учун тўпланган имзоларнинг 10 фоиздан ортиғи сохталиги рўкач қилиб келтирилган. Шунингдек, МСК президентликка ўз номзодини эълон қилганида Украинада жанговар ҳаракатлар тўхтатилиши, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши тарафдори эканини билдирган Екатерина Дунцовага ҳам унинг ҳужжатларида хатолар аниқлангани важи билан номзод бўлишга рухсат бермади. Шундан сўнг Дунцова МСК устидан судга мурожаат қилди. Бироқ Россия Федерацияси Олий суди ҳам ржевлик журналист Екатерина Дунцованинг даъвосини рад этди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия қамоқхонасида вафот этган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг беваси Юлия Навальная Ғарб давлатларини Россияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари натижаларини тан олмасликка ва Владимир Путинни Россиянинг бешинчи муддатга сайланадиган Президенти сифатида қабул қилмасликка чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин сайлов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг