Путин Раҳмон ва Жапаровга ҳам АҚШ билан алоқаси ҳақида маълумот берди
Олам
−
11 Август 5691 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин кеча, 10 август куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга телефон орқали мулоқот чоғида 6 август куни АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан бўлиб ўтган учрашув якунлари ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида Владимир Путин Имомали Раҳмоннинг эътиборини Аляскада АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашиш келишувига қаратган.
“Имомали Раҳмон Украина инқирозини узоқ муддатли тартибга солишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди”, дейилади Кремль баёнотида.
Бундан ташқари, суҳбат чоғида Россия ва Тожикистон Президентлари икки томонлама кун тартибининг долзарб масалалари ҳамда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига тайёргарлик кўриш масалаларига тўхталган.
Садир Жапаров ҳам Россия-Америка мулоқотининг ривожланиши ҳамда Украина инқирозини сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилиш бўйича кўрилаётган қадамларни олқишлаган. У Путин билан савдо-иқтисодий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг бир қатор долзарб масалалари, шунингдек, интеграция бирлашмалари, жумладан, Қирғизистон Республикаси амалдаги раислик қилаётган КХШТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бир қатор долзарб масалаларини муҳокама қилган.
Тожикистон Президенти матбуот хизмати хабар беришича, суҳбат чоғида Владимир Путин ва Имомали Раҳмон икки томонлама форматда бўлажак олий даражадаги учрашувларни ҳам муҳокама қилган.
Жапаровнинг матбуот хизмати аавлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашгани, халқаро ва минтақавий бирлашмалар доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 6 август куни Россия Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф билан учрашув ўтказди. Кейинчалик Дональд Трамп ва Владимир Путин 15 август куни АҚШнинг Аляска штатида учрашиб, Украинадаги уруш келажагини муҳокама қиладиган бўлди. Бу орада эса 8 август куни Путин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳамда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан ҳам телефон орқали суҳбат ўтказди. Путин деярли барча суҳбатларида 6 август куни Москва шаҳрида АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан ўтказилган музокараларнинг асосий натижалари ҳақида маълумот берган.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь