Путин Мирзиёевга АҚШ билан музокаралари ҳақида маълумот берди

Олам

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 8 август куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.

Президентлар икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиққан. Россия Президенти 6 август куни Москва шаҳрида АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан ўтказилган музокараларнинг асосий натижалари ҳақида маълум қилган.

Кремль матбуот хизматининг ёзишича, Шавкат Мирзиёев ушбу Уиткофф билан музокаралар ҳақидаги муҳим маълумот учун миннатдорлик билдириб, Украина инқирозини ҳал қилишнинг сиёсий ва дипломатик йўлларини излаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини айтган.

“Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди. Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичларининг ўсиш суръатини таъминлаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар даражасида сермаҳсул алоқалар, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувларни давом эттиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия етакчилари бўлажак учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.

Эслатиб ўтамиз,  6 август куни Кремлдаги учрашувдан сўнг Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков Президент Владимир Путин АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф билан учрашуви чоғида Оқ уй раҳбарига Украинадаги можарони ҳал этиш бўйича бир нечта сигналлар юборганини айтганди. Учрашув тахминан уч соат давом этди. Кремль матбуот хизмати музокаралар якунлангани ҳақида хабар берди, бироқ учрашув тафсилотларини очиқламади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Владимир Путин Стевин Уиткофф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг