Путин Моди билан ҳам гаплашди
Олам
−
08 Август 4127 2 дақиқа
Бугун, 8 август куни Россия Президенти Владимир Путин Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Моди ўзининг Х саҳифасида ёзиб қолдирди.
Томонлар Украинадаги сўнгги воқеалар ва Россия-Ҳиндистон ҳамкорлигининг ривожланишини муҳокама қилган.
“Мен дўстим Путин билан жуда яхши ва батафсил суҳбатлашдим. У менга Украинадаги сўнгги воқеалар билан ўртоқлашгани учун унга миннатдорлик билдирдим. Шунингдек, биз икки томонлама кун тартибимиздаги ютуқларни ҳам кўриб чиқдик”, дея ёзган у.
Ҳиндистон Бош вазирининг сўзларига кўра, суҳбат давомида томонлар Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги “махсус ва имтиёзли стратегик ҳамкорлик”ни янада чуқурлаштиришга содиқлигини тасдиқлаган. Моди, шунингдек, жорий йилда Путинни Ҳиндистонда қабул қилиш имкониятини интиқлик билан кутаётганини билдирган.
Маълумот учун, Россия Президенти ва Ҳиндистон Бош вазири сўнгги марта 2025 йилнинг май ойида, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантаналар арафасида телефон орқали мулоқот қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бугун, 8 август куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилганди. Президентлар икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиққан. Россия Президенти 6 август куни Москва шаҳрида АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан ўтказилган музокараларнинг асосий натижалари ҳақида маълум қилган. Шунингдек, Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот ўтказганди.
Live
Барчаси