Путин Пригожин билан Кремлда учрашиб, уч соат гаплашгани фош бўлди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг исёнидан беш кун ўтиб, 29 июнь куни у билан Кремлда учрашган. Бу ҳақда Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Песков бироз аввал Франциянинг “Libération” нашри томонидан тарқатилган Пригожиннинг Путин билан учрашгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирар экан, шундай дейди:

"Ҳақиқатан ҳам Президентнинг шундай учрашуви бор эди. Унга 35 кишини таклиф қилди: барча отряд командирлари ва компания раҳбарияти. Шу жумладан Пригожиннинг ўзи ҳам. Бу учрашув 29 июнь куни Кремлда бўлиб ўтди. У деярли уч соат давом этди", дейди Песков журналистларга.

Таъкидланишича, Путин учрашувда “Вагнер”нинг “махсус операция” пайтида фронтда амалга оширган ҳаракатларига баҳо берган. Шунингдек, 24 июнь кунги воқеаларга тавсиф берилган ва қўмондонларнинг тушунтиришлари тингланган.

“Улар давлат раҳбари ва олий бош қўмондоннинг содиқ тарафдорлари ва аскари эканликларини таъкидладилар”, дея қўшимча қилади Песков.

Матбуот котиби журналистларнинг учрашувда Мудофаа вазири Сергей Шойгу қатнашган ёки йўқлиги ҳақидаги саволига жавоб беришни истамаган.

Эслатиб ўтамиз, Евгений Пригожин 24 июнь куни ҳарбий исён кўтариб, Москвага йўл олганди. Шу куни Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Путиннинг розилигига кўра, Пригожин билан музокарага киришгани ва уни Москвага бормасликка кўндирганини эълон қилди. Кейинчалик Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Пригожинга қўйилган барча айбловлар олиб ташланганини ва у Беларусга кетишини маълум қилди. Бир неча кун ўтиб, 27 июнда Лукашенко “Вагнер” раҳбарининг Беларусда эканини тасдиқлади. 6 июль куни эса Лукашенко Пригожиннинг Беларусда эмаслиги, чунки у Санкт-Петербург ва эҳтимол Москвага кетган бўлиши мумкинлигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Пригожин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг