Путин Пригожин исён кўтарган куни яхтада дам олаётган бўлган – Зигарь
Олам
−
01 Июль 2023
19429Ёзувчи ва журналист Михаил Зигарнинг айтишича, Россия Президенти Владимир Путин Пригожин исён кўтарган куни Санкт-Петербургда мактаб битирувчиларининг Алвон елканлар байрамини томоша қилиб, россиялик олигарх Юрий Ковалчукнинг яхтасида дам олаётган бўлган. Бу ҳақда у “The New York Times” нашрининг “Opinion” (фикр) рукнида маълум қилди.
Зигарнинг айтишича, Пригожин Москвага 200 километргача яқинлашганига қарамай, Президент Санкт-Петербургга учиб кетган. У ерда Путин ўзининг яқин дўсти, тадбиркор Юрий Ковалчукнинг яхтасида Алвон елканлар байрамида қатнашиб, ёруғлик шоуси ва қип-қизил елканли кемаларнинг Нева дарёси бўйлаб сузиб ўтишини томоша қилган.
Маълумот учун, Алвон екланлар фестивали Россиянинг энг машҳур байрамларидан бири бўлиб, унда ўрта мактаб битирувчилари дарё бўйлаб қизил елканли кемаларда сузиб ўтади. Байрам дастуридан, шунингдек, мушакбозлик ҳамда ёруғлик шоуси ҳам ўрин олади. Бу байрамда нафақат ўсмирлар, балки Россиянинг элита вакиллари, амалдорлар ва олигархлар ҳам дарё бўйлаб ҳашаматли яхталарида сузиб, шампан ичишади.
Зигарнинг айтишича, Путинни ҳеч нарса, ҳатто қуролли қўзғалон ҳам ўзининг севимли базмига боришдан қайтара олмаган.
“Жаноб Путиннинг яқин доиралари – амалдорлар, маъмурлар, журналистлар, ишбилармонлар ва бошқаларга яқин бўлган манбаларимнинг фикрича, бу Президент реалликдан ажралганининг энг ёрқин далилидир. У ҳамон ҳамма нарсани назорат остида деб ҳисоблайди ва жаноб Пригожиннинг исёни сиёсий вазиятни ҳеч қандай тарзда ўзгартирмаган, деб ўйлайди. Лекин у хато қилади. Жаноб Путин атрофидаги муҳит нафақат тубдан фарқ қилади, балки ўзгаришларга иштаҳа кучайди – ҳатто Президентга яқин бўлганлар орасида ҳам. Мен гаплашган кўпчилик учун жаноб Путиннинг бошқарув тизими узоқ давом эта олмайди”, дейди у.
Журналистнинг фикрича, вазиятнинг бундай издан чиқиб кетишида Путиннинг айби бор. Чунки у Пригожинни рағбатлантириб, Украинадаги урушда унга катта имтиёзлар берган. Жумладан, Путин Пригожиннинг “Вагнер” компаниясига қамоқхоналардаги маҳбусларни ҳам ёллаш ҳамда жанг майдонида, хусусан, Бахмут учун курашда муҳим ўринни эгаллашига рухсат берган.
Бундай эътибор эса борган сари Пригожиннинг Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни қоралаб, ҳақорат қила бошлашига олиб келган. Сергей Шойгу томонидан Россия армиясидаги барча хусусий бўлинмалар Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаши шартлиги эълон қилинганида эса Пригожин бунга рози бўлмади. Манбаларга кўра, ўшанда Пригожин Путин билан шу масалада алоқа ўрната олмаган. Бюрократия тилида эса бу Путиннинг ундан норозилигини англатар эди. Зигарнинг айтишича, ўша пайтда агар Президент Пригожин билан гаплашганида ёки маъмуриятидан кимгадир кўрсатма берганида мазкур исённинг олдини олиш мумкин эди.
Михаил Зигарнинг фикрига кўра, юз берган қуролли қўзғалон Путиннинг ҳокимиятини заифлаштирди ҳамда уни жуда имконсиз, вазиятни назорат қила олмайдиган ва кучсиз қилиб кўрсатди.
“Ҳукмрон элитанинг кўплаб аъзолари учун энди Жаноб Путин узоқ вақт давомида барқарорлик кафолати бўлишни тўхтатгани аниқ”, дейди Зигарь.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Евгений Пригожин ва унинг “Вагнер” компаниясига исёндан бироз аввал Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзоламагани учун Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш тақиқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов “Вагнер” ортиқ Украинада жанг қилмаслигини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь