Путин Мирзиёевга Қирғизистонга бормоқчилигини айтди
Олам
−
06 Октябрь 2023
9125Россия Президенти Владимир Путин тез орада Қирғизистонда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитида иштирок этади, у ерда мавқедошлари, жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Бу ҳақда бугун, 6 октябрь куни Москвада ўтган Мирзиёев-Путин учрашувида сўз борди.
“Тез орада Қирғизистонда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитида яна кўришамиз”, дейди Россия давлат раҳбари Мирзиёев билан музокаралар чоғида.
Путин, Россия ва Ўзбекистон БМТ, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, МДҲ каби платформаларда фаол ҳамкорлик қилаётганини урғулаган.
“Биз бошқа жуда нозик соҳаларда ҳам ўзаро алоқадамиз”, деган Путин Мирзиёевга.
Шундан сўнг, у бу ҳақда бу ҳақда тор доирада батафсил гаплашишни таклиф қилган.
МДҲ саммити жорий йилнинг 13 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтади. Аммо расмий Бишкек Путиннинг ташрифини 12 октябрь куни кутмоқда. Кремль ташриф санасини белгилагани йўқ. Жапаров Ҳукумати эса Путинга Кант шаҳрида (Чуй вилояти) Россия авиабазаси очилганининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этишни таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Россия етакчиси Владимир Путин Ўзбекистон билан алоқаларга тўхталар экан, Москва Тошкентнинг ишончли савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринни эгаллаб турганини таъкидлаб ўтган эди.
Бундан ташқари, Россия октябрь ойидан Ўзбекистонга газ етказиб беришни бошлаши ҳам Владимир Путин томонидан маълум қилинган эди.