Путин мигрантларга алоқадор қонунни имзолади
Олам
−
26 Октябрь
16954Россия Президенти Владимир Путин хорижий фуқаролар Россия фуқароси билан маълум йиллар давомида никоҳда бўлгандан кейингина соддалаштирилган тартибда вақтинчалик яшаш учун рухсат олишлари мумкинлигини назарда тутувчи қонунни имзолади. Тегишли ҳужжат Россиянинг расмий ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди.
Қайд этилишича, энди чет эл фуқаролари квотадан ташқари вақтинчалик яшаш рухсатномасини ёки доимий яшаш ҳуқуқини соддалаштирилган тартибда фақат никоҳдан ўтган ёки бола асраб олган кундан бошлаб уч йил ўтгач олишлари мумкин.
Қонунга кўра, агар никоҳ суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилса, берилган рухсатнома бекор қилинади. Шу билан бирга, суд никоҳни ҳақиқий эмас деб топган тақдирда вақтинчалик яшаш рухсатномаси ҳам бекор қилинади. Худди шундай механизм мигрант ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ундан маҳрум қилиш ҳолатларига ҳам тегишли.
Қонун, шунингдек, сохта оталикка қарши курашишга ҳам қаратилган. Россия фуқароси бўлган фарзанди бор чет эл фуқароси, агар у бола билан бирга яшаётганини, уни боқаётганини ва тарбиялаётганини исботламаса, вақтинчалик яшаш рухсатисиз доимий яшаш ҳуқуқини ололмайди. Ёки бола онаси ёки отаси билан камида уч йил бирга яшаганини тасдиқлаш керак бўлади.
Билдирилишича, қонун расмий эълон қилинганидан кейин 90 кундан сўнг кучга киради. Россия Давлат Думаси қонун лойиҳасини 15 октябрда қабул қилган, Федерация Кенгаши эса уни 23 октябрда маъқуллаган. Дума спикери Вячеслав Володинга кўра, 2021 йилдан то ҳозирги кунгача Россияда яшаш ҳуқуқини олиш мақсадида 4,3 мингдан ортиқ сохта никоҳлар тузилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия пойтахти Москва шаҳрида 2025 йилдан бошлаб мигрантларга электрон шахсий гувоҳнома берилиши ва ушбу ҳужжат уларнинг барча маълумотларини қамраб олиши хабар қилинган эди.