Путин Лукашенкога Россиянинг олий мукофотини берди (видео)
Олам
−
09 Октябрь
5686Россия Президенти Владимир Путин бугун, 9 октябрь куни беларуслик Александр Лукашенкога Россия Федерациясининг олий давлат мукофоти — Биринчи чақириқ Апостол Андрей орденини топширди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Путиннинг таъкидлашича, ушбу орден низомига кўра, у ҳам Россиянинг таниқли давлат арбоблари, ҳам Россия билан алоқаларни мустаҳкамлашдаги беқиёс хизматлари учун хорижий давлат раҳбарларига берилади.
“Сизни Биринчи чақириқ Апостол Андрей ордени билан тақдирлаш Россия-Беларусь иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссангиз учун Россиянинг миннатдорлигини акс эттиради. Бу муносабатлар мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш ва, албатта, умумий тарих, умумий ахлоқий ва маънавий қадриятлар, кўплаб руслар ва беларуслар ўртасидаги мустаҳкам оилавий ва қариндошлик ришталарига асосланади”, деди Россия Федерацияси Президенти.
Унинг таъкидлашича, Россия ва Беларусь мустаҳкам пойдеворга асосланган Иттифоқ давлатини қурмоқда.
“Мана шундай мустаҳкам асосда, шундай мустаҳкам пойдеворда Россия ва Беларусь иттифоқ давлатини қурмоқда, унинг доирасида умумий мудофаа ва хавфсизлик ишончли таъминланган, ягона иқтисодий, ҳуқуқий ва гуманитар макон яратилган”, деди Путин.
Россия Федерацияси Президенти Лукашенконинг “фаол иштироки” билан Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидлади. Путин, шунингдек, Россия-Беларусь ҳамкорлиги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ривожланиб боришига ишонч билдирди.
"Биз ўзаро манфаатли иқтисодий ва яқин ҳамкорликни мустаҳкамлашда, икки мамлакат ва умумий иттифоқ давлатимиз хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилишда давом этамиз", дея қўшимча қилди у.
Ўз навбатида, Лукашенко Россия Федерацияси ва Беларусь адолатли дунё учун курашнинг олдинги сафида бирга эканлигини айтди.
“Бугун биз адолатли дунё учун биргаликда курашяпмиз. Беларусь ва Россия иттифоқи бу шафқатсиз ва жуда жиддий курашнинг бошида турибди. Танг, қизғин халқаро вазият шароитида бундай йўналишнинг муқобили йўқ. Бизнинг асосий ютуғимиз ўз базамизни сақлаб қолганимиздир. Бугун эса бу ҳамкорлигимизнинг улкан салоҳияти замирида турибди. Яъни, бизда давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш учун асос бор. Сўнгги йилларда аждодларимиз асрлар давомида ўрнатиб келаётган иқтисодий, маданий, маънавий алоқаларни сезиларли даражада мустаҳкамлай олдик”, деди у.
Маълумот учун, Биринчи чақириқ Апостол Андрей император ордени Россия империясидаги энг олий мукофот эди. У 1698 ёки 1699 йилларда Пётр I томонидан ташкил этилган. Совет даврида орден берилмаган. Мукофот фақат 1998 йилда Россия Федерациясидаги энг юқори мукофот сифатида тикланди.
Эслатиб ўтамиз, Лукашенкога ушбу орденни бериш тўғрисидаги қарор 30 август куни у 70 ёшга тўлганида имзоланганди. Лукашенко 7 октябрь куни Путиннинг туғилган кунида Москвага келганди. Кеча, 8 октябрь куни Кремлда МДҲ саммити бўлиб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь