Путин Лукашенкодан картошка сўради
Олам
−
29 Май 9869 2 дақиқа
Беларуслик Александр Лукашенко мамлакатда картошка етиштириш ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлаб, бу картошка Беларуснинг ўзига ҳам, Россияга ҳам етиши кераклигини айтди. Бу ҳақда Лукашенко кеча, 28 май куни Брест вилояти ижроия қўмитаси раиси Пётр Пархомчик билан учрашувда сўз очди.
Унга кўра, Россияда картошка етишмовчилиги кўпайиб бормоқда.
“Жуда кўп гап-сўзлар бўляпти. Айниқса, Россия Президентининг йиғилишидан кейин – у ерда Путин картошка ҳақида ҳазил қилганди. Лекин бу биз учун жуда жиддий масала. Қандай бўлмасин, биз картошка етиштиришни биламиз. Шунчалик кўп етиштиришимиз керакки, бу нафақат ўзимизга, балки Россияга ҳам етсин”, деган Лукашенко.
Лукашенко бу ерда гап хайрия ҳақида эмас, балки “яхши пул ва яхши нарх” ҳақида кетаётганини алоҳида таъкидлаган.
Шу билан бирга, Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 26 май куни ишбилармонлар билан учрашувда Россияда аҳолининг картошка, қанд лавлаги ва бошқа сабзавотлар билан таъминланишидаги муаммолар ҳақида гапирган.
“Картошкани Беларусдан сотиб олайлик, у ерда бу бўйича катта мутахассислар бор”, деган Путин.
Бироқ Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Максим Орешкин Беларусда бу илдизмева – картошка тугаб қолганини айтган.
Қолаверса, 27 май куни Путин Александр Лукашенко билан ўтказилган суҳбатда Беларусь фермерлари барча картошкани Россияга сотиб юборганини эслаб ўтган ва ундан яна картошка сўраган.
“Картошка масаласи ҳақида гап кетди. Мен ўзим ҳам ота-онам билан бирга картошка экканман. Бу осон иш эмас – экиш, кейин бегона ўтлардан тозалаш керак. Энди эса маълум бўлдики, бизда картошка етишмаяпти. Александр Григорьевич айтди – биздагилар ҳаммасини аллақачон Россияга сотиб юборди”, деган Путин.
Шу билан бирга, Путин яна Беларусдан картошка сотиб олишни таклиф қилган.
Россияда картошка ҳақиқатдан танқисми?
Россияда 2025 йилнинг бошидан буён картошка нархи 85 фоизга ошган, улгуржи нархлар 1 кг учун 46–51 рублга етган. Чакана нархлар эса ўртача 85,4 рублга кўтарилган.
Савдо тармоқлари (ретаилерлар) картошкани зарарига сотаётгани айтмоқда.
Нархларнинг кескин ошишига 2024 йил ҳосилининг пастлиги, ёмон об-ҳаво ва талаб кўплиги сабаб бўлган.
“Картошка иттифоқи” ижрочи директори Алексей Красилниковнинг айтишича, бозорда импорт картошкаси устунлик қилмоқда, чунки ўтган йилги картошканинг сақлаш муддати тугаган. Мутахассислар фикрига кўра, нархлар янги ҳосил билан пасая бошлайди.
Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам июлда нархлар барқарорлашишини кутмоқда – бу янги ҳосил ва импорт ҳажмининг ошиши ҳисобига бўлади.
Live
Барчаси