Путин “кулранг кардинал”ни Алиевга сотгани маълум бўлди
Олам
−
17 Октябрь 2025 14890 3 дақиқа
Аввалроқ, Озарбайжон Республикаси Президенти Администрациясининг собиқ раҳбари Рамиз Меҳдиев давлатга хиёнат ва яна бир қатор айбловлар билан ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Маълум бўлишича, Меҳдиевнинг давлат тўнтариши режаси жорий йилнинг 9 октябрь куни Душанбедаги саммитда Россия томонидан фош этилган. Бу ҳақда Озарбайжоннинг “Axar” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Алиев ва Путин Душанбеда учрашганидан сўнг, Баку ва Москва ўртасидаги муаммолар бартараф этилган бир пайтда, Россияга алоқадор бўлган Рамиз Меҳдиевнинг ҳибсга олиниши кўплаб саволларни туғдирган. Тарқалган маълумотларга кўра, Россия томони Душанбеда Меҳдиевнинг давлат тўнтариши режалари ҳақида Озарбайжонни огоҳлантирган. Алиев ва Путиннинг учрашувидан сўнг Меҳдиевнинг ҳибсга олиниши бу хабарнинг ҳақиқатга яқинлигини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, “кулранг кардинал” лақаби билан танилган 87 ёшли Меҳдиев сўнгги бир йил давомида Россиянинг кўмагида Озарбайжонда Алиев ҳокимиятини ағдариш устида ишлаган ва бу режани Кремлга таклиф этган.
Айтилишича, AZAL самолётининг уриб туширилиши ортидан юзага келган Баку–Москва инқирозини Меҳдиев ўз мақсади йўлида “имконият” сифатида кўрган. У Россияга давлат тўнтариши режасини тақдим этиб, қўллаб-қувватлашни сўраган. Режага кўра, ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг, Меҳдиев раҳбарлигида “Давлат кенгаши” тузилиши лозим бўлган, ҳаттоки бу кенгаш таркиби ҳақидаги маълумотлар ҳам Россияга етказилган. Аммо Россия бу режани Озарбайжонга ошкор қилиб, Меҳдиевни фош этган ва Путин Меҳдиевнинг режасига рози бўлмаган. Чунки Россияда Озарбайжон бўйича икки йўналиш – бири қаттиқ сиёсат тарафдорлари, иккинчиси эса Кремлга яқин юмшоқ позициядаги гуруҳ мавжуд. Путин якуний қарорни ўзи қабул қилиб, Душанбеда Алиевни хабардор қилган ва муносабатларни яхшилашга интилаётганини кўрсатган. Россия истиқболсиз тўнтариш режасидан сиёсий фойда сифатида фойдаланиб, Меҳдиевни қурбон қилган.
Рамиз Меҳдиев Россияга яқинлигини ҳар доим ошкора намоён этган. У ҳатто совет давридаёқ Москванинг агентура тармоғига мансуб шахс сифатида танилган. Мулозим йиллар давомида ўз имкониятларидан фойдаланиб, Озарбайжон ҳукуматида Россиянинг “дўстлари” бўлган мансабдорларни лавозимларга тайинлашда иштирок этган.
Иккинчи Қорабоғ уруши арафасида эса Озарбайжонда руспараст амалдорлар лавозимларидан четлатилган, улар орасида Рамиз Меҳдиев ҳам бор эди. Шундан сўнг, у Озарбайжон Миллий фанлар академияси президенти этиб сайланади. Бироқ у ерда ҳам интригалардан воз кечмай, ОМФАни сиёсий воситага айлантиради. Натижада деярли барча институтлар унинг истеъфосини талаб қилади. 2022 йил 14 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда у ёши билан боғлиқ сабабларга кўра лавозимидан кетишини маълум қилган.
Live
Барчаси