Озарбайжонда Президент Администрациясининг собиқ раҳбари ҳибсга олинди
Олам
−
16 Октябрь 7138 3 дақиқа
1995 йилдан 2019 йилгача Озарбайжон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, 2019 йилдан 2022 йилгача Озарбайжон Миллий фанлар академияси президенти лавозимида фаолият олиб борган Рамиз Меҳдиев мамлакат жиноят кодексининг оғир моддалари билан айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Баку шаҳар Сабаил туман суди тергов органи тақдимоти асосида Рамиз Анвар ўғли Меҳдиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича қарор қабул қилган. Суд қарорига кўра, ўта оғир жиноий қилмишларда гумонланаётган Рамиз Меҳдиевга нисбатан тақдим этилган илтимоснома қаноатлантирилиб, 4 ой муддатга уй қамоғи эҳтиёт чораси тайинланган. Рамиз Меҳдиев Европа давлатларида мамлакатга қарши жамоаларнинг вужудга келишида муҳим роль ўйнагани ва унга молиявий ёрдам кўрсатгани айтилмоқда. Ушбу фаолиятнинг асосий мақсади сифатида Россия манфаатларини илгари суриб, Озарбайжон ва Европа давлатлари ўртасидаги муносабатларга путур етказиш кўрилмоқда.
Меҳдиев Жиноят кодексининг 278.1-моддаси (давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга қаратилган ҳаракатлар), 274-моддаси (давлатга хиёнат), 193-1.3.2-моддаси (Жиноят йўли билан олинган мулкни қонунийлаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатнинг ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партияси фахрийлар кенгаши раиси Ориф Раҳимзода Рамиз Меҳдиев партиядан чиқарилиши ҳақида маълум қилган. Раҳимзоданинг айтишича, яқин кунларда бу борада тегишли партия органлари йиғилиши бўлиб ўтади.
2019 йилда сиёсий ҳокимиятни, 2022 йилда эса жамоат фаолиятини тарк этган мулозимнинг ҳибсга олиниши ортидан унинг ҳаддан ташқари катта бойликка эга экани ҳақидаги иддаолар юзага чиқди. Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, баҳаво Новхони қишлоғида кенг узумзорлар, Баку, Абшерон ва Горанбой туманларида жами 216 гектар экин ер майдони Меҳдиевлар оиласига тегишли. Қолаверса, оиланинг Горанбой туманидаги Хинали қишлоғидаги боғи 50 гектарни ташкил этади. Маштаға шаҳарчасидаги собиқ Субтропик Ўсимликлар совхозининг ҳудудида Галина Меҳдиевага (хотини) тегишли 892 сотих, қизи Камила Алиевага тегишли 240 сотих ер майдони бор.
Рамиз Меҳдиевнинг келини Нигор Меҳдиева “Digital Media” МЧЖ асосчиларидан бири ва у “Bank BTB” АЖнинг асосий акциядори ҳисобланади. Камила Алиеванинг Истиқлол кўчаси, 11-уй манзилидаги квартираси икки компания – “Infonet” МЧЖ ва “Caspian Telekom” МЧЖнинг юридик манзили сифатида рўйхатга олинган. Бакунинг Тбилиси проспектида ҳашаматли вилла мавжуд. Бир муддат илгари у 8 миллион АҚШ долларига сотувга қўйилган. 36 сотих майдонда жойлашган бу вилла Меҳдиев томонидан қурилган кўплаб мулклардан бири сифатида қайд этилади. Рамиз Меҳдиевнинг Гўйчой, Шамаҳи, Гўйгол ва бошқа ҳудудлар ҳамда мамлакатнинг айрим вилоятларида кўплаб виллаларга эгалиги ҳақида маълумотлар мавжуд.