Путин ишонган генерал урушда ҳалок бўлди
World
−
20:36 3104 2 minutes
Россия армиясидаги 4-алоҳида мотоўқчилар бригадасига қўмондонлик қилган генерал-майор Антон Грунис урушда ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Ахмат” махсус кучлари қўмондони Апти Алаудинов ва Суворов билим юрти битирувчиларининг “Суворовское братство” Telegram-канали хабар берди.
Груниснинг айнан қандай ҳалок бўлгани ҳозирча номаълум. “Важные истории”нинг ёзишича, сиздирилган маълумотларга қараганда, у Луганск вилоятининг оккупация қилинган қисмидаги Алчевск шаҳрига бириктирилган бўлган. Унинг ўлими ҳақидаги хабарлардан бир неча кун олдин, жорий йилнинг 13 сентябрь куни Украина Қуролли кучлари ушбу шаҳардаги объектларга зарба берган. Украина томони таъминот омбори ҳамда россиялик ҳарбийлар қурол ва техника сақлаган жой йўқ қилинганини маълум қилган. “Exilenova+” мониторинг канали маълумотларига кўра, ўшанда Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) Алчевск яқинидаги Карпати қишлоғида жойлашган техникага ҳужум қилган. Груниснинг ўлими ушбу зарбалар билан боғлиқми-йўқми, номаълум.
Украинага кенг кўламли бостириб киришдан олдин Грунис Россиянинг Чеченистон, Грузия ва Суриядаги ҳарбий кампанияларида, шунингдек, Қримнинг аннексия қилинишида иштирок этган.
Охирги вақтларда у Донецк вилоятидаги Константиновкага ҳужум қилаётган бригадага қўмондонлик қилаётган бўлган. Июль ойида Грунис Россия Президенти Владимир Путинга шаҳар эгаллангани ҳақида ҳисобот берган, бир ой ўтиб эса Россия Қаҳрамони унвонини олган.
Бироқ Константиновка тўлиқ Россия назоратига ўтгани йўқ. “Black Bird Group OSINT” лойиҳаси ва Урушни ўрганиш институти (ISW) шаҳар ҳудудида жанглар давом этаётганини қайд этмоқда. Россиянинг урушпараст “Рыбарь” канали ҳам Украина позициялари у кенг “кулранг ҳудуд” деб белгилаган ҳудудда сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саратов вилоятининг Энгельс шаҳрида номаълум шахс Россия Фазо-космик кучлари (ФКК) зобитига суиқасд қилганди.
Live
All