Путин BRICS’даги шерикларига Трамп билан учрашув таассуротларини айтиб берди
Олам
−
18 Август 2025 3364 2 дақиқа
Бугун, 18 август куни Россия раҳбари Владимир Путин BRICS мамлакатлари – Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса, Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Ҳар учала давлат раҳбарларига ҳам Путин АҚШ Президенти Дональд Трамп билан яқинда бўлиб ўтган учрашувнинг таассуротларини ўртоқлашган.
Қолаверса, улар Украинадаги можаро юзасидан ўзларининг позициясини қайд этиб, томонларни тинч йўл билан муаммони ҳал қилишга чақирган.
Суҳбат давомида мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ва келгуси режалар ҳам муҳокама қилинган.
Маълумот учун, 15 август куни АҚШнинг Аляска штатида Трамп ва Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Тошкент вақти билан 16 август куни соат 04:25 да якунланди. Аляскада бўлиб ўтган музокаралар якунида Трамп ва Путин биргаликдаги матбуот анжуманида қатнашди.
Матбуот анжуманидан олдин Путин ва Трамп “учга-уч” форматида тахминан 2 соат 45 дақиқа давом этган музокаралар ўтказди. Трамп кўплаб масалалар бўйича келишувга эришилганини таъкидлади, бироқ Украина масаласида ҳали битим йўқлигини қайд этди. Путин эса музокараларни фойдали, деб атаб, Россия Украинага хавфсизлик бўйича ишлашга тайёрлигини билдирди. Давлат раҳбарлари журналистларнинг саволларига жавоб бермади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 август куни Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва бугун, 18 август куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳамда Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров билан билан телефон орқали мулоқот қилиб, Аляскадаги Россия-Америка саммити натижалари ҳақида ахборот берганди.