Путин Байден уни нега ҳақорат қилганини айтди
Олам
−
23 Февраль
31825Россия Президенти Владимир Путин АҚШ етакчиси Жо Байденнинг уни “фоҳишанинг ўғли” деб атаган сўзларига муносабат билдирди. Бу ҳақда у журналист Павел Зарубинга берган қисқа интервьюсида сўз очди.
Путиннинг айтишича, Жо Байденнинг сўзлари Россия Президенти аввалроқ уни Москва учун АҚШнинг афзал кўрган раҳбари деб атаганига “адекват реакция”дир.
“Яқинда сиз ва мен гаплашдик ва мендан Америка Қўшма Штатларининг бўлажак Президенти сифатида ким бизга маъқулроқ, деб сўраган эдингиз. Мен ҳар қандай Президент билан ҳамкорлик қилишимизни айтдим, лекин биз учун, Россия учун Байден афзалроқ, деб ишонаман. Ва унинг айтганларига асосланиб, мен мутлақо ҳақман, чунки бу мен томондан айтилган гапларга адекват муносабатдир”, дейди Россия раҳбари.
Путиннинг таъкидлашича, Байден унга “Володя, баракалла, раҳмат, менга кўп ёрдам бердинг”, деб айтолмасди.
"Биз у ерда нима бўлаётганини ички сиёсий нуқтаи назардан тушунамиз ва бу реакция мутлақо адекват, бу мен ҳақ бўлганимни англатади", дейди Россия Президенти.
Путиннинг қўшимча қилишича, унинг Байден ва Трамп ҳақидаги сўзлари биринчи навбатда америкалик эмас, балки россиялик аудитория учун мўлжалланган.
"Сиз россиялик журналистсиз, шунинг учун сиз мендан биз учун нима яхши эканини сўрадингиз. Ўшанда айтганимдек, мен ҳали ҳам шундай ўйлайман ва такрорлайман: Байден", дея табассум қилди Путин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Сан-Францискодаги сайловолди кампанияси чоғида Россия раҳбари Владимир Путинни ҳақорат қилганди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Байден Путинни ҳақоратлаш орқали ўз мамлакатини шарманда қилганини айтди.