Путин Алиевга сим қоқди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин кеча, 24 октябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот давомида икки давлат раҳбарлари 9 октябрда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ саммити доирасидаги учрашувнинг давоми сифатида кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилган. Шу билан бирга, минтақавий ҳамкорлик ва халқаро вазиятнинг айрим жиҳатлари ҳақида ҳам фикр алмашилган.

Кремль хабарига кўра, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, энергетика ва транспорт-логистика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдор эканликлари тасдиқланган. Шунингдек, турли даражадаги алоқаларни давом эттиришга келишиб олинган.

Озарбайжон Президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, Путин Алиевга қўнғироқ қилган. Телефон суҳбати давомида минтақавий ҳамкорликнинг айрим жиҳатлари ва халқаро вазият муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 9 октябрь куни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида Путин ва Алиев юзма-юз учрашган эди. Ушбу учрашувда Россия раҳбари 2024 йилнинг декабрида Озарбайжон ҳаво йўлларига тегишли самолёт қулаши бўйича терговга Москва ёрдам кўрсатаётганини билдирган. Путиннинг сўзларига кўра, ҳалокат сабаблари орасида ўша пайтда осмонда Украинага тегишли учқувчисиз аппарат (дрон) мавжуд бўлгани ҳам қайд этилган.

Россия Президенти, шунингдек, мамлакати томонидан отилган икки ракета самолётга тўғридан тўғри тегмагани, балки бир неча метр масофада портлаганини таъкидлаган. Москва фожеа қурбонларининг оилаларига компенсация тўлаши ҳамда айбдорларга ҳуқуқий баҳо бериши маълум қилинган.

Қайд этиш жоиз, AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт 2024 йилнинг 25 декабрда Баку – Грозний рейси давомида Қозоғистон ҳудудидаги Ақтау шаҳри яқинида қулаган. Бортдаги 67 кишидан 39 нафари ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Озарбайжон Илҳом Алиев AZAL

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг