Путин ҳам Мирзиёевни қутлади

Жамият

image

Бугун, 24 июль куни Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни туғилган куни муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Путин Ўзбекистон етакчисига мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида муваффақиятлар тилаган.

“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Таваллуд кунингиз муносабати билан сизни самимий муборакбод этаман. Сиз халқингиз орасида ва халқаро майдонда юксак обрў-эътиборга сазовор бўлгансиз. Сизнинг раҳнамолигингизда Ўзбекистон иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлидан ишонч билан илгариламоқда, минтақавий ва халқаро масалаларда конструктив роль ўйнамоқда”, деган Россия раҳбари.

Президент Путин Президент Шавкат Мирзиёев икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшаётганини таъкидлаган.

“Биз, шубҳасиз, Россия ва Ўзбекистоннинг дўст халқлари фаровонлиги йўлида минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш манфаатларини кўзлаб, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича биргаликда ишлашда давом этамиз”, деган Путин.

Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 68 ёшга тўлди. Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади. 1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда унинг отаси, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон раҳбарига табрик йўллаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг