Прокурор Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун суддан ордер сўради
Олам
−
20 Май
11569Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хон Судгача бўлган палатадан Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакат Мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер беришни сўради. Бу ҳақда Хон ўз баёнотида маълум қилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, тўпланган далилларга асосланиб, прокурорлар иккала вазир ҳам Фаластин ҳудудида (Ғазо сектори) камида 2023 йил 7 октябрдан буён содир этилган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар, деб ҳисобламоқда. Хусусан, улар қасддан одам ўлдириш, тинч аҳолига қасддан ҳужум уюштириш, шафқатсиз муносабатда бўлиш, очликдан уруш усули сифатида фойдаланиш каби ваҳшийликларда айбланмоқда.
Прокурорнинг таъкидлашича, кўриб чиқилаётган ҳарбий жиноятлар “Исроил ва Фаластин ўртасидаги халқаро қуролли можаро, шунингдек, Исроил ва ҲАМАС ҳаракати (бошқа Фаластин қуролли гуруҳлари билан бирга) ўртасида параллел равишда содир бўлган халқаро бўлмаган қуролли можаро контекстида содир этилган.
"Инсониятга қарши даъво қилинган жиноятлар давлат сиёсатига мувофиқ фаластинлик тинч аҳолига қарши кенг кўламли ва тизимли ҳужумларнинг бир қисми сифатида содир этилган. Бу жиноятлар, бизнинг фикримизча, бугунги кунгача содир этилмоқда ", дея қўшимча қилди Хон.
Айни вақтда прокурор ҲАМАСнинг уч нафар етакчисини ҳам ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилган. Булар ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиси Яҳё Синвар, ҳаракатнинг ҳарбий қаноти қўмондони Муҳаммад ал-Дейф ва ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониядир.
ХЖС прокурорлари 2021 йилда Фаластин ҳудудларини тергов қилишни бошлаган. Ўшанда текширувлар Исроил кучлари, шунингдек, ҲАМАС ва бошқа қуролли Фаластин гуруҳлари томонидан Ғазо секторида содир этилиши мумкин бўлган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар билан боғлиқ экани таъкидланган. Прокурор Карим Хон аввалроқ 2023 йил 7 октябрда бошланган Исроил-Фаластин можаросининг авж олиши даврида содир этилган тахминий жиноятлар ҳам прокуратура ваколатига киришини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил ОАВлари Нетаньяху ХЖС уни, шунингдек, Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант ва Бош штаб бошлиғи Герзи Ҳалевини ҳибсга олиш учун ордер беришидан қўрқаётгани ҳақида хабар қилган эди. Исроил телевидениесининг 12-каналининг Гаагадаги манбалари ҳибсга олиш бўйича ордер АҚШ санкциясисиз амалга ошмаслигини таъкидлади. АҚШ эса ХЖС терговини қўллаб-қувватламади.
LiveБарчаси