Прокурор депутатни Россия тарихидаги энг йирик порахўрлик учун 14 йилга қамашни талаб қилди

Олам

image

Прокурор Россия Давлат Думаси депутати Вадим Белоусовни мамлакатдаги энг йирик, жами уч миллиард рублдан ортиқ пора учун 14 йилга озодликдан маҳрум қилишни талаб қилди. Бу ҳақда Москва шаҳар суди матбуот хизмати маълум қилди.

Шунингдек, давлат айбловчиси Белоусовни 500 миллион рубль миқдорида жаримага тортиш, 15 йилга давлат хизматида ишлашини тақиқлаш ва давлат мукофоти – II даражали “Ватанга хизматлари учун” медалидан маҳрум этишни сўраган.

Унинг қайнонаси, “Биринчи новвойхона”нинг бош ҳисобчиси Маргарита Бутакова 80 ёшга тўлганини ва сурункали касалликларини ҳисобга олиб, прокурор тўрт йилга озодликдан маҳрум этишни, шунингдек, ярим миллиард рубль жарима солишни сўради.

Бундан ташқари, прокуратура айбланувчиларга нисбатан эҳтиёт чорасини “қамоққа олиш” чорасига ўзгартиришни талаб қилмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, йўл қурилиши билан шуғулланган икки тадбиркор – Константин Овчинников ва Алексей Башаев 2010 йилдан 2014 йилгача депутат ва унинг ҳомийси, ўша пайтда Челябинск вилояти губернатори бўлган Михаил Юревичга мукофот сифатида нақд пул ўтказган. Уларга фойданинг 20 фоизи эвазига “давлат шартномаларини тузиш учун энг қулай шартлар” ва “рақобатни тўлиқ бартараф этиш” кафолатланган.

Челябинскда поралар Белоусовнинг қайнонасига берилган, Москвада эса депутатнинг рафиқаси пулни омонат қутисига солиб қўйган. Ойига бу миқдор 10 миллион рублни ташкил этган. Натижада, бир неча йил давомида Белоусов 3,253 миллиард рубль олган.

Депутат ўз айбини тан олмаган. Унинг ҳимояси тадбиркорлар Челябинск вилоятида йўллар қурилиши пайтида бюджет маблағларини ўзлаштиргани учун жиноий жавобгарликка тортилганини кўрсатган. Аммо улар тергов давомида пул ўғирланмаганини, балки Белоусов ва Юревичга пора сифатида берилганини айтган. Ушбу гувоҳликлардан сўнг тергов савдогарларга Россияни тарк этишга рухсат берилган. Собиқ губернатор ҳам мамлакатни тарк этган. Шундай қилиб, судланувчилар курсисида фақат Белоусов қолган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия коррупция

Баҳолаганлар

266

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг