“Прокуратура ходими” 9 йилга қамалди

Жамият

image

Сирдарё вилояти Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судида ўзини прокурор деб, одамларни алдаб, пулини олган фуқарога  ҳукм ўқилди. 

Сирдарё вилояти Жиноят ишлари бўйича Ховос туман суди раиси О.Набиевнинг маълум қилишича, айбдор Икром Тешабоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзини прокуратура тизимида ишловчи ходим деб, 3 та жиноятни амалга оширган.

Дастлаб Икром Каримов 2018 йил ноябрь ойида Янгиер шаҳридаги деҳқон бозорига бориб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро Ё.Хўжамовга ўзини “Алишер исмли Сирдарё вилояти департаменти ходими” деб таништиради ва келажакда қўллаб-қувватлаб туришни ваъда қилади. Сўнг бозорда валюта тадбири ўтказилаётганлиги учун 3 млн 500 минг сўм пул етмай қолганлиги, тадбир тугагач, қайтариб беришини айтиб, ундан ушбу суммани олган.

Икромнинг тузоғига тушган навбатдаги жабрланувчи самарқандлик Қ. Муродов бўлди. Икром ўзига аввалдан нотаниш бўлган бу фуқаро билан ўтган йилнинг 3 декабрь куни Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасида кўришади. Икром унга давлат ҳисобига мусодара қилинган Lacetti Gentra русумли автомашинани арзон нархда аукцион орқали олиб беришни айтган. Ҳаракатлари ишончли бўлиши учун Қ. Муродовнинг фуқаролик паспортини ҳам олади. Сўнг автомашинани расмийлаштириб беришини айтиб, ундан 18 млн 252 минг 800 сўм, яъни 2200 АҚШ долларини олган.

Икром жорий йилнинг 16 январь куни таниши Аҳмад Муродовга қўнғироқ қилиб, ўзини “Ёдгор исмли Тошкент шаҳар прокуратураси ходими” деб таништириб, унга ўғли М.Муродовни Олий судга протест киритиш йўли билан қамоқдан чиқишига ёрдам беришини айтган. Орадан уч кун ўтгач, “Олтин балиқ” кафеси олдида у билан кўришиб, хизмати эвазига 2000 АҚШ доллари сўрайди. А.Муродов бу ҳақда Сирдарё вилояти прокуратураси ва Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимларига маълум қилгач, ўтказилган тезкор тадбирда фирибгар қўлга олинган.

Суд сохта прокурорни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд фирибгарлик прокуратура

Баҳолаганлар

108

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг