Пригожиннинг ўғли АҚШда қотиллик учун судга чақирилди
Олам
−
20 Февраль 2025 6760 3 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путиннинг собиқ “ошпази” Евгений Пригожиннинг 26 ёшли ўғли Павел АҚШда “Вагнер” ёлланма аскарлари томонидан Ливияда тинч аҳолини ўлдириш бўйича жиноят иши доирасида терговга тортилди. Бу ҳақда “Точка” ва “Можем объяснить” нашрлари хабар берди.
Жиноят иши АҚШнинг Колумбия округи судида тергов қилинмоқда, чунки даъвогар – суиқасд вақтида омон қолган икки ливияликдан бири Муҳаммад Анбис АҚШга кўчиб кетган. Унга кўра, Ливияда судлар орқали тегишли ҳуқуқий ҳимояга эришишнинг имкони йўқ.
Омон қолган жабрланувчининг айтишича, 2019 йил сентябрь ойида Ливиядаги фуқаролар уруши вақтида у ва унинг оиласининг яна тўрт аъзоси Триполи яқинида қуролли шахслар томонидан ўғирлаб кетилган. Бир неча соат давомида қийноққа солинганидан сўнг уларни Ксар-бин-Гашир шаҳрида – ўша пайтда “Вагнер” ёлланма аскарлари жойлашган ҳудудда бинога олиб кириб, тиз чўктиришган ва отиб ташлашган. Уч киши ҳалок бўлган, даъвогарнинг акаларидан бири оёғидан айрилган. Анбиснинг сўзларига кўра, ёлланма аскарлар рус тилида гаплашган ва “Вагнер” гуруҳига мансуб бўлган.
АҚШда эркак “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожинга қарши даъво киритган. Аммо 2023 йил июнь ойида содир бўлган “адолат маршидан” ва Пригожиннинг ўлимидан сўнг, жавобгар сифатида унинг ўғли Павел кўрсатилган. 3 февраль куни унга судга чақирув хати юборилган, бироқ ҳужжатда манзил сифатида Санкт-Петербургдаги “Вагнер маркази” биноси кўрсатилган – у ерда эса икки йилдан бери уларнинг офиси йўқ. Даъвогар вакили Омар Табуни Пригожиннинг даъвода жиноятга шериклик ва ундаш айбловлари бўйича тилга олинганини маълум қилган. Шунингдек, даъво бўйича бошқа жавобгар Ливия Миллий армияси қўмондони Халифа Ҳафтар бўлиб, у АҚШ фуқароси ҳисобланади. Даъвогарлар улардан камида 80 миллион доллар талаб қилмоқда.
“Точка”, шунингдек, Павел Пригожинга “мерос” сифатида қолган илгари номаълум бўлган компаниялар тармоғини очиқлади. Журналистлар ўрганиб чиққан ҳужжатларга кўра, бу фирмалар катеринг соҳасида ишлайди, давлат контрактларини олади ҳамда Москвада ресторан-пароходларга эгалик қилади. Пригожиннинг ўлимидан сўнг, бизнес “Талвер” АЖ назоратига ўтган. Ушбу компания Пригожиннинг рафиқаси, қайнонаси ва ўгай отаси билан боғлиқ. Компаниялардан бири – “Ривер” МЧЖ – тўғридан тўғри Павел Пригожин назорати остида. 2023 йилда ушбу номаълум компанияларнинг умумий даромади 530 миллион рубль, фойдаси эса 100 миллион рубль бўлгани аниқланган.
Евгений Пригожиннинг ўлимидан кейин унинг бизнес империясини хавфсизлик тузилмалари вакиллари ва Россиянинг йирик миллиардерларидан бири бўлиб олган. “Новая Газета Европа” нашрининг маълумотларига кўра, “Вагнер” асосчисининг мероси 120 дан ортиқ фаол компаниядан иборат бўлган. 2023 йилда бу компаниялар ўз эгаларига 2022 йилга қараганда ҳам кўпроқ даромад келтирган – 74 миллиард рубль ўрнига 154 миллиард рубль.
Масалан, бир қанча компаниялар собиқ полициячилар томонидан бошқарилмоқда. Россия армиясини озиқ-овқат билан таъминлаган “Пишчевик” корхонаси 2023 йилда қарийб 1 миллиард рубль фойда кўрган, 2024 йил май ойида уни Санкт-Петербурглик собиқ полициячи Алексей Рибаков бошқарган. У бошқа шахсларнинг телефон контактларида “опер 30 бўлим” ва “Угро” (жиноят қидирув бўлими) сифатида ёзиб қўйилган.
Пригожиннинг ўғли, шунингдек, Санкт-Петербургдаги Синопская дамба ҳудудида жойлашган Sinop савдо маркази устидан назоратни сақлаб қолган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 24 августга ўтар кечаси “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси Евгений Пригожин ва гуруҳ қўмондонларидан бири Дмитрий Уткин Embraer бизнес жети билан ҳалокатга учраган эди.
Live
Барчаси