Президентликдан кетаётган Бердимуҳамедов мукофотланди
Жамият
−
19 Февраль 2022
8795Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Туркманистоннинг моҳир дипломати” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда “Нейтрал Туркменистан” газетаси хабар бермоқда.
Бу қарор Туркманистон парламентининг қуйи палатаси — Мажлис томонидан қабул қилинган. Ҳужжатга кўра, Халқ Маслаҳати (парламент юқори палатаси) раиси лавозимини ҳам эгаллаб турган Президент Туркманистон мустақиллиги ва бетарафлигини мустаҳкамлаш, тинчликсевар ташқи сиёсати, давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси ва мамлакат Дипломатик ходимлари куни шарафига (18 февралда нишонланади) мукофотланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 февраль куни Ашхободда Туркманистон парламентининг юқори палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида қатнашган Президент Гурбангули Бердимуҳамедов эндиликда Халқ маслаҳати раиси сифатида сиёсий тажрибасини мамлакат тараққиётига сарфлаш, ўз ўрнини ёш кадрларга топшириш ниятида эканини айтганди. 12 февраль куни мамлакатда навбатдан ташқари Президент сайлови ўтказилиши эълон қилинди. Сайлов 12 мартга белгиланди.
Кеча, 14 февраль куни Туркманистонда президентлик сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланди, унинг биринчи босқичи номзодларни кўрсатиш бўлади. Номзодлар сиёсий партиялар ёки фуқаролар гуруҳлари томонидан кўрсатилиши мумкин. Мамлакатда учта партия бор: Демократик партия, Аграр партия ва Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар партияси.
Мамлакат Конституциясига мувофиқ президентликка номзодлар 40 ёшга тўлган, шу мамлакатда туғилган ва унда сўнгги 15 йил давомида доимий яшаётган ва ишлаган фуқароси бўлиши керак. У етти йилга сайланади.
Сардор Бердимуҳамедов 2021 йил февралидан бери Туркманистон Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Шунингдек, у Ахалтеке йилқичилик халқаро уюшмаси ва “Туркман Алабай” халқаро уюшмасига раҳбарлик қилади.
Сардор отасининг лавозими учун ўз номзодини қўйди ва ҳозирда олий мансабга асосий даъвогар ҳисобланади. Сўнгги маълумотларга кўра, Туркманистонда ўқитувчилар мактабларда Сардорнинг ютуқлари ҳақида гапиришга мажбурланаётгани айтилмоқда.
Маълумот учун, Туркманистонни 2007 йилдан бери асли касби шифокор бўлган Гурбангули Бердимуҳамедов бошқариб келмоқда. У бир вақтнинг ўзида Вазирлар Маҳкамаси раиси, Парламент юқори палатаси раиси ва Олий бош қўмондон ҳисобланади.
LiveБарчаси