Президентлар Қирғизистондаги сиёсий инқироз бўйича қўшма баёнот берди
Жамият
−
09 Октябрь 2020
8921Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон Республикалари Президентлари Қирғизистонда рўй бераётган воқеалар юзасидан қўшма баёнот билан чиқди. Баёнот Қозоғистон Республикаси Президенти сайтида эълон қилинди.
“Қардош Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар бизни жиддий ташвишга солмоқда.
Кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик, умумий маданий ва маънавий қадриятлар билан боғланган яқин қўшнилар сифатида биз ушбу қийин кунларда Қирғизистон халқини мамлакатда тинчликни сақлаш ва барқарорликни тиклаш учун ўзига хос бўлган доноликни намоён этишга чақирамиз.
Қирғизистоннинг барча сиёсий партиялари ва жамоатчилик доиралари тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, Конституция ва миллий қонунчиликка сўзсиз риоя қилиш билан юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган саъй-ҳаракатларни амалга оширишига умид билдирамиз.
Қирғизистоннинг равнақи минтақавий хавфсизлик ва бутун Марказий Осиё барқарор ривожланишининг муҳим омилидир.
Мамлакатларимизнинг ўтмиши бир, улар умумий келажакни барпо этмоқда. Марказий Осиё халқларини тарихий жиҳатдан келажак авлодлар фаровонлиги учун барқарор тинчлик, тотувлик ва бунёдкорлик истаги бирлаштиради.
Муштарак мақсадларга интилган ҳолда, давлатларимиз савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқаларни, чегараолди ва ҳудудлараро шерикликни кенгайтириш учун минтақавий ҳамкорликни фаол равишда мустаҳкамламоқда.
Марказий Осиё бирдамлигини янада мустаҳкамлаш йўлидан борар эканмиз, биз Қирғизистон халқини унинг ҳамжиҳатлик, тинч, мустақил тараққиёт ва фаровонлик борасидаги интилишида доимо қўллаб-қувватлаймиз"
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
LiveБарчаси