Президенткуш мамлакат. Тийиқсиз Трамп тийиладими?
Таҳлил
−
15 Июль
7104Президенткуш мамлакат. АҚШда нималар бўлмоқда?
Дастлаб Авраам Линкольн, кейин Жеймс Гарфилд, сўнгра Уильям МакКинли, ундан кейин Теодор Рузвельт, кейинчалик Жон Кеннеди ва Рональд Рейган. Энди эса Дональд Трамп. Америка Қўшма Штатларида Президент ва собиқ президентларга нисбатан уюштирилган суиқасдлар сериалининг навбатдаги қисми эфирда.
Воқеа қандай содир бўлди?
Ўтган ҳафтанинг сўнгида, 13 июль куни, АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп президентлик пойгасидаги энг муҳим штатлардан бири эканлиги айтиладиган Пенсильвания штатининг Питтсбургдан тахминан 34 миль шимолида жойлашган 13 минг кишилик Бутлер шаҳрида сайловолди ташвиқотларини давом эттираётганди. Трамп ўз чиқишида Байденнинг миграция сиёсатини танқид қилаётган ва бу билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўз очганди. Собиқ президент нутқидан тахминан олти дақиқа ўтгач, митингда гуркирашлар эшитилди. Трамп қулоғини маҳкам ушлаганча ерга эгилди ва бир неча Махфий хизмат ходимлари саҳнага отилиб чиқиб, уни ҳар томондан ўраб олишди. Трампнинг қулоғи ва юзининг ён томонидан сизиб чиқаётган қонни кўриш мумкин эди. Кейинчалик у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ўқ “ўнг қулоғимнинг юқори қисмини тешиб ўтган”ини айтди. Суиқасдни амалга оширган шахс ушбу қисқа вақт ичида Трамп учун йиғилганларга қарата 8 маротаба ўт очган. Қотил сайловолди митинги бўлаётган ҳудуддаги оломонга энг яқин бино ичига яширинган. У жойлашган масофа эса Трамп турган жойдан тахминан 430 фут, яъни 130 метр узоқда эди. Махфий хизмат ходимлари дарҳол суиқасдни амалга оширган шахсни йўқ қилган. Аммо унгача Трампдан ташқари яна икки киши яраланган ва бир киши вафот этган. Жабрланганлар орасида полициячилар йўқ, дейди масъуллар. Бундан ташқари, Федерал қидирув бошқармаси отишмага гувоҳ бўлганларни ФҚБ билан боғланишини сўраган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг икки вакилига кўра, суиқасдни уюштирган эркакдан АР-15 типидаги ярим автоматик милтиқ топилган. Ўқлар айнан шу қуролдан отилган. Терговчилар қотилнинг ёши эндигина 20 да эканлигини аниқлашгандан сўнг у томондан ишлатилган қурол унинг отасига тегишлими ёки у қонуний равишда сотиб олинган ёки йўқлигини текширмоқда, дейди тергов ҳақида маълумот берган икки юқори мартабали ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари.
Ушбу суиқасд юзасидан баъзи республикачилар томонидан хавфсизлик хизмати кенг танқид остига олинди. Аммо ҳуқуқ-тартибот идораларининг учта юқори мартабали ходими NBC News телеканалига маълум қилишича, Трамп ва унинг тарафдорларига қарата йўналтирилган ўқ Махфий хизмат томонидан ўрнатилган хавфсизлик чегараси ташқаридан узилган. Бундан ташқари, Пенсильвания штати полицияси подполковниги ҳам отишма содир этган шахс жойлашган бино хавфсизлик чегарасидан бироз узоқда жойлашганини тасдиқлади. NBC билан суҳбатлашган экспертларнинг таъкидлашича, сиёсий митинглар каби тадбирлар ҳар доим кенг майдонларни ҳимоя қилишда қийинчиликларга олиб келган. Махфий хизматнинг собиқ агентларидан бирининг айтишича, доимо хавфсиз майдоннинг ўлчами юзасидан саволлар туғилади. Унинг айтишича, митинглар учун хавфсиз ҳудуд яратишда узоқ ва кенг масофаларни назоратга олиш жуда катта қийинчилик туғдиради ва бу ҳар доим муаммо бўлиб келган.
Аммо ўқ узган деб тахмин қилинган қуролли шахсни яқин атрофдаги бино тепасида милтиқ билан бир неча дақиқа айланиб юрганини аниқ кўриш мумкин эди, деган гувоҳлардан бири BBCга берган кўрсатмасида. Ўзини Грег деб атаган гувоҳнинг сўзларига кўра, у ва бошқалар берган огоҳлантиришлар полиция томонидан бажарилмаган. Грегнинг айтишича, митинг чоғида қотил жойлашган бино томи унга ғалати ва шубҳали кўринган, аммо полиция унинг огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдирган.
Айни дамда суиқасд юзасидан тергов жараёнлари давом этмоқда ва ўрганилиши лозим бўлган масалалардан бири уни содир этган шахснинг ёлғиз ўзи бўлган ёки аксинчалигидир. Олиб борилаётган тергов ФҚБ, шунингдек, Махфий хизмат ва Ички хавфсизлик департаментини ўз ичига олади. Махфий хизмат директори Кимберли Читл эса 22 июль куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси қўмитасига кўрсатма бериш учун чақирилди.
Воқеа қаҳрамони Дональд Трамп эса отдек соғлом дейишга бир қанча асослар бор. Чунки собиқ президентнинг ёрдамчиси ижтимоий тармоққа Нью-Жерсига қўнганидан сўнг самолётдан ёрдамсиз тушиб кетгани акс этган видеони жойлаштирди. Унинг жароҳатланган қулоғи эса видеода кўринмасди. Трамп сайловолди кампанияси ва Республикачилар миллий қўмитаси собиқ президент 15 июль куни бошланиши режалаштирилган Республикачилар қурултойида қатнашишини айтди. Трамп илк бор воқеа ҳақида ўзи томонидан асос солинган Truth Social ижтимоий тармоғида хабар қолдирди.
“Менга ўқ тегиб, ўнг қулоғимнинг юқори қисмини тешиб ўтди. Мен нимадир нотўғри эканлигини дарҳол англадим, чунки шивирлаган овозни, отишмаларни эшитдим ва дарҳол ўқ терини ёриб юборганини ҳис қилдим. Кўп қон кетиш содир бўлди, шунинг учун мен нима бўлаётганини англадим. Худо Американи ёрлақасин”, деб ёзди Трамп.
У, шунингдек, Махфий хизмат ва ҳуқуқ-тартибот идораларига тезкор жавоб учун миннатдорчилик ҳам билдирди ва митингда ҳалок бўлган шахснинг оиласига ҳам ҳамдардлик билдирди.
Гумонланувчи ким?
ФҚБ якшанба куни эрта тонгда воқеа жойида ўлдирилган гумонланувчининг Безел Паркдаги 20 ёшли Томас Мэтью Крукс эканлигини аниқлади. У отишма содир бўлган жойдан тахминан бир соатлик узоқликда яшаган. Штат маълумотларига кўра, Крукс республикачи сайловчи сифатида рўйхатга олинган. У 2022 йилда Пенсильваниядаги ўрта мактабни тамомлаган. Расмийлар у бошқарадиган машинадан портловчи моддага ўхшаган қурилмаларни топган. Манбаларга кўра, ҳозирча терговчилар 20 ёшли Мэтью Крукс экстремистик ташкилотлар ёки шахслар билан ҳеч қандай алоқани йўлга қўймаганини тасдиқлашди. Бироқ улар гумонланувчининг телефони ва бошқа рақамли қурилмаларидан маълумотларни текширишда давом этишмоқда.
Мэтьюнинг собиқ синфдошлари ABC News телеканалига берган интервьюсида уни сокин ва дўстлари кўп бўлмаган талаба сифатида тасвирлашди. У билан бошланғич мактабда бирга таҳсил олган Жеймс Майерс марҳумнинг кўпинча ёлғизликда вақт ўтказиши ва мактаб даврида унинг сиёсий инқилобчи сифатида бирорта ҳаракатларига гувоҳ бўлмаганини айтди. Крукснинг бошқа синфдошлари ҳам худди шу фикрни такрорлаган. Улар Крукснинг жуда вазминлиги ва математика фанидан бошқа барча синфдошларидан кўра ақллироқ бўлганини эслашди. Мэтью Крукс ҳақида синфдошларидан олинган бошқа маълумотлар эса унинг оғир-босиқ шахс бўлганлиги, ҳеч қачон таҳдидга мойил бўлиб кўринмагани, тушлик пайтида доим ёлғиз овқатланиши ва суҳбат давраларида ҳеч қачон сиёсатни муҳокама қилмагани тўғрисидаги кўрсатмалардан иборат.
Крукснинг отаси, 53 ёшли Мэтью Крукснинг CNN телеканалига айтишича, у ҳам нима бўлганини тушунишга ҳаракат қилмоқда ва ўғли ҳақида гапиришдан олдин ҳуқуқ-тартибот идоралари билан гаплашгунча кутишини айтди. Шу билан бирга, Крукслар яшаш жойининг периметри сариқ полиция лентаси билан ўралган ва Федерал авиация маъмурияти “махсус хавфсизлик сабаблари” туфайли Безел Парк устидаги ҳаво бўшлиғини ҳам ёпган.
Дунё етакчилари ва Трамп яқинларининг дил изҳорлари
Трамп суиқасдга учрагач, ўз оиласи, жамоаси, тарафдорлари ва дунё етакчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Дастлаб рафиқаси Мелания Трамп якшанба куни баёнот бериб, воқеа содир бўлганини кўргандаги қўрқувини тасвирлаб, Махфий хизмат ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у отишма қурбонларига ҳам ҳамдардлик билдирди. Трампнинг тўнғич қизи Иванка Трамп X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида мазкур ҳужумни қоралаб, одамларга ибодатлари учун миннатдорчилик билдирди.
“Махфий хизмат ва бошқа барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига бугунги тезкор ва қатъий ҳаракатлари учун миннатдорман. Мен мамлакатимиз учун ибодат қилишда давом этаман. Ота, мен сизни ҳар доим яхши кўраман”, деб ёзди Иванка Трамп.
Трампнинг тўнғич ўғли, кичик Дональд Трамп ўз матбуот котиби орқали берган баёнотида, шанба куни отаси билан телефон орқали гаплашгани ва у “ажойиб кайфиятда” эканини айтди.
“Унга қарши нима бўлишидан қатъи назар, у Американи қутқариш учун курашни ҳеч қачон тўхтатмайди”, дейди кичик Трамп.
Унинг укаси Эрик Трамп эса Х тармоғига отаси отишмадан кейин муштини ҳавога ураётгани акс этган суратни жойлаштириб, “бу Америка учун керак бўлган жангчи!” дея пост қолдирди.
Ўз ўрнида, бир қанча дунё етакчилари ҳам воқеага нисбатан бир-бирига ўхшаш баёнотлар билан ўзларининг тезкор муносабатларини билдирди. Хусусан, Украина Президенти Владимир Зеленский, Буюк Британиянинг янги Бош вазири Кир Стармер, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Италия Бош вазири Жоржия Мелони, АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис, Европа Бош дипломати Жозеф Боррель, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Сербия Президенти Александр Вучич, Қозоғистон Президенти Қосим Жомарт Тўқаев ва бошқалар суиқасдни қоралади. Бундан ташқари, Қўшма Штатларнинг 44-Президенти Барак Обама ҳам ўзи ва рафиқаси номидан Трампга соғлиқ тилади ва мамлакатда зўравонликка мутлақо ўрин йўқлигини таъкидлади.
“Бизнинг демократиямизда сиёсий зўравонликка мутлақо ўрин йўқ. Ҳали нима бўлганини аниқ билмасак-да, биз барчамиз собиқ президент Трамп жиддий жароҳатланмаганидан енгил тортишимиз ва шу вазиятдан сиёсатимизга содиқлигимизни тасдиқлаш учун фойдаланишимиз керак. Мишель ва мен унга тез орада соғайиб кетишини тилайман”, деган Обама.
Шунингдек, Space X асосчиси X ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск ҳам воқеага ўз муносабатини билдирган.
“Мен президент Трампни тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва унинг тез орада соғайиб кетишига умид қиламан”, дея таъкидлаган Маск.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Дональд Трампга қилинган суиқасдни қоралаб, унга тез фурсатда соғайиб кетишини тилади. Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ президентлигига номзод Республикачи Дональд Трампга уюштирилган суиқасдга муносабат билдиргани ҳақида Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
“Президент Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатларининг собиқ президенти Дональд Трамп Пенсильвания штатида сайловолди учрашувда нутқ сўзлаётган чоғида унинг ҳаётига суиқасд уюштирилгани ҳақидаги хабарни чуқур хавотир билан қабул қилди. Давлатимиз раҳбари ушбу зўравонлик ҳаракатини кескин қоралайди ва Дональд Трампга тез фурсатда соғайиб кетишини тилайди”, дейилган хабарда.
Воқеадан сўнг ҳамманинг кўзи тўрт бўлиб кутган АҚШнинг ҳозирча амалдаги Президенти Жо Байден илк бор журналистларга воқеа содир бўлганидан тахминан 90 дақиқа ўтиб баёнот берди. У бу суиқасддан Делавэрдаги черковида католик маросимидан чиққанидан сўнг хабардор бўлган. Байденнинг айтишича, Трампнинг аҳволи яхши. Отишма содир бўлганидан кўп ўтмай журналистнинг “бу воқеани суиқасд бўлганига ишонасизми” деган саволига Байден “Менинг фикрим бор, лекин менда барча фактлар йўқ”, дея жавоб берди. Байден қўшимча изоҳ беришдан олдин кўпроқ қўшимча маълумот олишни хоҳлаётганини айтди. У билан аллақачон ҳуқуқ-тартибот идоралари боғланган ва улар айни дамда узлуксиз алоқада. Оқ уйга кўра, Байден Трамп билан дастлабки уринишда боғлана олмаган, аммо орадан бироз вақт ўтгач икки рақиб ўзаро суҳбатлашишга эришишган. Отишмадан сўнг демократлар сайлов кампанияси тўхтатилганини эълон қилишди. Демократларнинг расмий манбаси компания барча чиқувчи алоқаларни тўхтатиб, телевидение рекламаларини ҳам имкон қадар тезроқ олиб ташлашга ҳаракат қилади, дея хабар берди.
Al Jazeera мухбири Кимберли Хэлкетт, Оқ уйдан хабар беришича, “америкаликлар ҳали ҳам ҳайратланарли янгиликни ҳазм қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Улардан баъзилари ҳеч қачон бундай нарсани бошдан кечирмаган. Чунки охирги марта шундай воқеа 1981 йилда Рональд Рейган билан содир бўлганди”, дейди мухбир.
Трамп сайловни муддатидан олдин ютдими?
Хусусан, бу воқелик бир қанча саволларни ўртага ташламоқда. Жумладан, суиқасд нега уюштирилгани, у кимнинг режаси эканлиги ва бундан айнан нима мақсад кўзлангани ҳақидаги фикр ва тахминлар қоқ икки қутбга бўлинган. Баъзиларда буни “шов-шув кўтариш ва қаҳрамонга айланиш орқали сайловчилар олдидаги машҳурлиги ва обрўйини ошириш мақсадида Трампнинг ўзи уюштирган”, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Аммо мазкур режа жуда ҳам катта таваккалчилик талаб этишини эсдан чиқармаслик лозим. Негаки, агарда бу Трамп ва унинг жамоаси томонидан уюштирилган бўлса, ва ушбу кўзбўямачилик исботланса, бу собиқ Оқ уй эгаси учун катта шармандалик ва президентлик пойгасидаги муддатидан олдинги мағлубият деганидир. Чунки бундай иш сайловчилар олдидаги Трамп репутациясини оний лаҳзалар бутунлай йўқ қилиши шубҳасиз. Шундай экан, Трамп бундай таваккалчиликка қўл уради деб ҳисоблаш бироз хато ҳисобланади. Айни дамда унинг учун ҳаммаси жойида. Негаки, у дастлабки президентлик теледебатида Байденни буткул маҳв этди. Қолаверса, бугун демократлар ичида кичик хаос мавжуд бўлиб, улар ҳали ҳам катта эҳтимол билан бу йилги сайловлар учун кимни номзод қилиб кўрсатишга иккиланмоқда. Воқеалар ривожининг барча кўринишлари Трамп учун ишламоқда. Сабаби суиқасддан ҳали 1 сутка ҳам ўтмай туриб, Трамп ўнг қўлини кўтариб турган суратлар туширилган футболкалар пайдо бўлди. Интернетда шу кўринишдаги мемлар ясалди, гифлар пайдо бўлди. Статистикалар яқин 24 соат ичида Трамп ва унинг тарафдорлари ўртасидаги жипслик янада кучайганини кўрсатмоқда. Булар эса сайлов ва овоз бериш жараёнига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Аммо буларнинг барчаси тахмин ва таҳлиллар холос. Зеро, президентлик пойгасининг якуний натижалари 6 ноябрь куни эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ,“ Ҳизбуллоҳ ” учувчисиз ҳаво воситаларидан Хермон тоғидаги Исроил ҳарбий радар станциясига зарба берганди.
LiveБарчаси