Президентимиз ва мухлислар олдида ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз – Кападзе
Спорт
−
09 Июнь 7863 2 дақиқа
Эртага, 10 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемионатига саралашнинг сўнгги ўйинида Қатар миллий терма жамоасига қарши баҳс олиб боради. Мазкур ўйин олдидан бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Темур Кападзе ва сардори Элдор Шомуродов расмий матбуот анжуманида иштирок этди.
Дастлаб, бош мураббий жорий йилнинг 5 июнь куни БАА билан ўйиндан сўнг қўлга киритилган ЖЧ-2026 йўлланмаси билан ҳаммани қутлади.
“Ҳаммани бу ғалаба билан табриклаймиз. Хурсандмиз. Эртага яхши ўйин кутяпти. Ўйлайманки, биз тайёрмиз. Чиройли ўйин кўрсатиб, мухлисларимизни хурсанд қиламиз”, деди Кападзе.
Шунингдек, у жамоадаги жароҳатлар билан боғлиқ вазиятга тўхталди.
“Остон Ўруновнинг жароҳати бор. Ўйлайманки, тезроқ тузалади. Отабек Шукуровда ҳам кичик жароҳат бор. Бугун машғулотда ўзини қандай ҳис қилишига қараймиз. Қолган ҳаммаси жойида”, деди мураббий.
Шу билан бирга, Темур Кападзе эртанги баҳсга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташриф буюриши кутилаётганини маълум қилди.
“Эртага мухлислар келади, насиб бўлса Президентимиз келади. Уларнинг олдида чиройли ўйнаб ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”, деди у.
Бундан ташқари амалдаги Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи собиқ бош мураббий Сречко Катанецнинг Тошкентга келгани ва унинг эришилган натижага қўшган ҳиссасини эътироф этди.
“Сречко Катанец билан олдиндан алоқамиз яхши. Бугун меҳмонхонада кўришиб, бир-биримизни табрикладик. Албатта, унинг ҳам ҳиссаси бор. 3 йилдан ортиқ вақт терма жамоа билан меҳнат қилди. Шунинг учун раҳмат айтиб, уни ҳам табрикладим. У ҳам мени табриклади. Унинг ҳам тақдирлашга қўшилгани зўр бўлди. Шунақа халқимиз борлигидан фахрланаман”, деди у.
Матбуот анжуманида миллий терма жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳам иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Ассалому алайкум барчага. Биринчи навбатда барчани тарихий натижа – Жаҳон чемпионатига чиққанимиз билан табриклайман. Эртага, Худо хоҳласа, қизиқ ўйин бўлади. Барча мухлисларни чиройли ғалаба билан хурсанд қилиш ниятидамиз. Албатта, Жаҳон чемпионатига чиқиш катта натижа. Лекин буни нишонлашга вақт бўлмади. Ҳамма хурсанд, ҳамма қандай натижага эришанимизни тушуниб турибди. Эртага яна битта ўйинимиз бор – ҳаммани ҳаёли шунда”, деди у.
Маълумот учун, эртага, 10 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемионатига саралашнинг сўнгги ўйинида Қатар миллий терма жамоасига қарши баҳс олиб боради. Ушбу ўйин Тошкент вақти билан 18:45 да “Бунёдкор” стадионида бошланади. Ўйиндан сўнг Ўзбекистон МТЖ аъзолари тақдирланади.
Live
Барчаси