Президент Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи кўприкни бориб кўрди
Жамият
−
30 Октябрь 2023
9773Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 30 октябрь куни Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, об-ҳаво ноқулайликлари ва ҳарорат пасайиши даврида инфратузилма объектларида муаммо келиб чиқишининг олдини олиш, йўлларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш каби вазифалар давлат раҳбарининг доимий диққат марказида бўлиб турибди.
Президент мазкур йўналишлардаги ишларнинг бориши ҳамда бунёдкорлик жараёнлари билан танишувни Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгичдан бошлаган. Мирзиёев манзилдаги қурилиш жараёни билан танишган ва туташ йўлларда ҳам пиёдалар ва автомобиллар ҳаракатига қулайликларни ошириш, атрофни кўкаламзорлаштириш бўйича кўрсатмалар берган.
Айтиш жоиз, бу кўприк Бобур кўчаси бўйлаб Кичик ҳалқа йўли ва темир йўл устидан ўтади. Автомобиллар қатновига қулайликни ошириш мақсадида бу ерда аввалги кўприкка ёндош яна бир эстакада қурилмоқда. Қурилиш битгач, кўприкнинг эни 46 метрга етади. Бир кеча-кундузда 20 минг транспортни ўтказиш қобилиятига эга бўлади. Илгари бу кўрсаткич 9-10 минг атрофида эди.
Давлат раҳбари шунингдек, мутасаддиларнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати юзасидан ҳисоботини тинглаган. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш ва сифатли якунлаш юзасидан аниқ топшириқлар берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 август куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Бобур кўчасидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи ва Содиқ Толипов кўчасига чиқиш ва тушишга имкон берувчи йўл ўтказгичнинг бешта тўсини қулаб тушган эди.