Президент топшириғига биноан “свет” ўчишини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди
Жамият
−
25 Январь 2022
11673Президент топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди.
Комиссия томонидан биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилган.
Ҳукумат комиссияси соҳа вакилларига содир бўлган носозликлар такрорланмаслиги, сабабларини аниқлаш, электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда зудлик билан амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар юклади.
Эслатиб ўтамиз, ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларида аварияга қарши ҳимоя тизими ишлаб кетиб, иккала станциянинг ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган. Бу ҳолат ўз ўрнида Талимаржон ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларининг иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган.
Оқибатда, Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси таъминотида узилишлар қайд этилди.
“Конец света”
Бугун, 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Бунинг ортидан дастлаб, Тошкент метрополитени фаолияти тўхтатилди, поездларнинг манзилга етиб бориш вақти кечиктирилди.
Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилди. Ўзбекистонда эса барча аэропортлар фаолияти чекланди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олмаота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Хожикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида электр таъминиоти тикланди.
LiveБарчаси