Президент Темур Кападзенинг янги шогирдлари билан кўришди
Спорт
−
23 июн 5566 2 дақиқа
Бугун, 23 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида “Навбаҳор” футбол академияси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф давомида давлат раҳбари Наманганда фаолият юритаётган ва бошқаруви уч йил муддатга Нидерландиянинг машҳур “Аякс” футбол академиясига топширилган “Навбаҳор” академиясида яратилган шароитларни кўздан кечирган.
Эълон қилинган суратларда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Темур Кападзени ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда у Наманганнинг “Навбаҳор” клубини бошқариб келмоқда.
Маълумки, Жаҳон чемпионати олдидан Темур Кападзе миллий терма жамоа бош мураббийи эди. Бироқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси мундиалда ишлаш учун бу лавозимга италиялик мутахассис Фабио Каннаварони тайинлашга қарор қилди.
Дастлаб Кападзенинг мундиалда терма жамоа мураббийлар штаби таркибида ишлаши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинроқ мутахассиснинг ўзи мазкур таклифни қабул қилмагани маълум бўлди.
Ҳозирда ички чемпионатда танаффус юзага келгани сабабли Темур Кападзе номи оммавий ахборот воситаларида камроқ тилга олинаётган эди. Бироқ унинг Президент ташрифи давомида академияда кўриниш бериши ва бу воқеа Ўзбекистон ҳамда Португалия ўртасидаги муҳим учрашув арафасига тўғри келгани футбол мухлисларининг эътиборини тортди.
Кўплаб мухлислар ҳанузгача миллий терма жамоани Жаҳон чемпионатида Темур Кападзе бошқариши керак эди, деган фикрни билдириб келмоқда.
Ташриф якунида мамлакатда футболни янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро майдонлардаги рақобатбардошлигини ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Live
Барчаси