Президент Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги нутқида “Оли Имрон” сурасидан мисол келтирди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 31 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эрта тонгда Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди.

Бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар қатағон қурбонларини ёд этиш учун йиғилди. Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди. Элга ош тортилди.

2001 йилдан буён 31 август “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Жадид боболаримизнинг руҳларини шод этиш, ҳаёти ва меросини ўрганишга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда. Ўтган йили “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи реконструкция қилинган эди. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда унинг филиаллари очилди.

Бу йил музейда жадид талабалар Германияга ўқишга юборилганининг 100 йиллигига бағишланган экспозиция ташкил этилди.

Давлат раҳбари музейга кириб, мазкур кўргазма билан танишди.

“Бу ерга ҳар гал келиб, эътибор беришимиз бежиз эмас. Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Таҳлил бўлган. Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган. 2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган. Бу ерда худди уларнинг овозлари эшитилгандек бўлади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шулар ҳақда сўзлар экан, Президент Қуръони каримдаги оятни ёдга олди. “Оли Имрон” сурасининг 169-оятида: “Аллоҳ йўлида ҳалок бўлганларни ўлик, деб ҳисобламанг, улар тирикдир, Парвардигорлари ҳузурида ризқланишмоқда” дея марҳамат қилинган.

Давлат раҳбари ҳали бу тарих охиригача ўрганилмагани, қатағон қурбонларини аниқлаш ва хотирасини тиклаш бўйича изланишларни давом эттириш кераклигини таъкидлади.

“Бутун дунёда бир парча қоғоз бўлсаям, қанча маблағ кетсаям, ўзбек миллатига дахлдор ҳужжатларни топинглар, деб топшириқ бергандим. Охирги йилларда яна қанча қатағон қурбонлари аниқланди. Адолат нуқтаи назаридан қаҳрамон боболаримизнинг номларини тиклаяпмиз. Ўтган бир йил ичида Ўзбекистон Олий суди томонидан 235 нафар ана шундай ватандошимиз оқланди. Жадид боболаримиз номида музейлар, мактаблар ташкил қиляпмиз. Тошкент марказида Абдулла Қодирий мактаби қуриб, ҳайкалини ўрнатдик. Нима учун? Одамлар ўтганда кўриши, “мен кимларнинг авлодиман” деб ўйлаши, асарларини билиши керак. Ёки Чўлпонни тиклаш қандай қийин бўлди? Бугун биз пастга тушинглар, халқнинг ичига боринглар, деяпмиз, халқдан куч олаяпмиз. Чўлпон ҳам шундай деган. Бундай хайрли ишларни тўхтатмаслик керак. Янги китоблар, фильмлар чиқариш зарур”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев бу йўлда изланаётган заҳматкаш олимларга, зиёлиларга миннатдорлик билдирди. Жадидларнинг ҳаёти ва асарларини телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларга етказиш, мактаб дарсларида бу мавзуга кенг ўрин бериш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида маърифатпарвар боболарнинг маънавий меросини ўргатиш бўйича кафедра ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

239

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг