Президент сайловида ХДПнинг номзоди ким? Улуғбек Иноятов билан сайлов ҳақида суҳбат
Интервью
−
21 Июль 2021
16079Жорий йилда Ўзбекистонда йирик сиёсий воқелик – Президент сайлови кутилмоқда. Аввалгилардан фарқли равишда бу йил сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади ва ўзбекистонликлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг беш йиллик фаолиятига баҳо беради.
Сайлов ҳар қандай халқнинг келгуси тақдирини белгиловчи асосий сиёсий жараён ҳисобланади. Жорий йилда ушбу сиёсий жаранёнда 5 та партия – Халқ демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Экологик партия иштирок этиши кутилмоқда.
QALAMPIR.UZ Президент сайлови олдидан партиялар раҳбарлари билан суҳбатларни бошлайди. Бизнинг илк меҳмонимиз Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов.
Улуғбек Иноятов билан суҳбатни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Қамариддин Шайхов, журналист: — Ўйлашимизча, Ўзбекистон 5 йилда анча ўзгарди. Сиёсий партияларда ҳам уйғониш бор. Биз кўп айтардик, “Сиёсий партиялар комада”, деб, аммо бундай эмаслигини 2019 йилда бўлиб ўтган Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга депутатлар сайловида қисман кўрдик. Бу йилги сайловга тайёргарлик қандай? Нимани кутсак бўлади?
Улуғбек Иноятов, ХДП Марказий Кенгаши раиси: — Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, ҳар қандай сайлов демократиянинг кўзгуси ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам сайловлар орқали халқимиз ўз номзодини сайлайди. Бу конституцион ҳуқуқ билан белгилаб берилган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон сайлов қонунчилигида ҳам жуда катта ўзгаришлар бўлди. Сиёсий партияларнинг сайловлардаги ўрни ортди. Улар жуда катта имкониятларга эга бўлди. Қонунчиликда сиёсий партияларга сайловларда фақатгина номзод кўрсатиши белгилаб қўйилган ва бу партияларга жуда катта ишонч ва масъулиятдир. Шу ўринда сиёсий партиялар ҳам мана шу ишончга муносиб равишда ўзини ўзгартириши ва стратегиясини ишлаб чиқиши, уни амалга ошириши керак.
Қ.Ш.: — Бу масъулият ва мажбурият кимнинг қаршисидаги ҳис? Давлатнингми?
У.И.: — Биринчидан, давлат мана шундай имконият ва шароитларни яратиб бериши, иккинчидан, сайловчининг ва партияларнинг ҳам сиёсий онги, сиёсий билими, уларнинг ҳуқуқий қарашлари ҳам тафаккурдаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Мана шу охирги йилларни очиқлик даври деб атайдиган бўлсак, халқимиз буткул ўзгарди. Улар ҳам ўз ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириш учун сиёсий билимга, сиёсий фаоллашишга эга бўлдилар. Икки йил олдинги халқимиз бугун бутунлай бошқача.
Қ.Ш.: — Юқорида мен кимнинг қаршисидаги мажбурият ва масъулият ҳисси, деб савол берганимда, очиғи, “овоз бераётганларнинг” деган жавобни кутгандим. ХДП ҳақида бир таъриф бор ва бу биламан нафақат сизга балки, партиядагиларга ҳам ёқмайди. “ХДП собиқ иттифоқ компартиясининг вориси”, дейишади. Aлбатта, бунга турли важлар келтирилади: “Биз унинг ғоявий вориси эмасмиз. Фақатгина бюджет маблағлари ва биноси бизга ўтиб қолгани учун бизни ворис дейишади. Aслида эса ундай эмас”, дейсизлар. Буни айтмасингиздан олдин ўзим айтиб қўйдим. Лекин бу тарих.
У.И.: — Aлбатта, инсон ўз келиб чиқиши, авлоди ва тарихидан ҳеч қачон юз ўгирмаслиги керак. Уни қадрлаш керак. Шу нуқтайи назардан олиб қарайдиган бўлсак, Ўзбекистондаги кўппартиявийлик, умуман партия тизими, бу ҳаммаси собиқ иттифоқдаги коммунистик партиянинг давоми. Бу – классика. Бутун дунёда мана шундай тизим орқали шаклланган. ХДП бундан 30 йил олдин ўша партия негизида ташкил топган.
Қ.Ш.: — Ғоявий жиҳатдан қанчалик боғлангансизлар ва қанчалик унинг ворисисизлар? Қўпол қилиб айтганда, эскилик сарқитлари яшаб қолдими?
У.И.: — Биласизми, бунга эскилик сарқити, деб қарамаслик керак. Партиямизнинг ғояси ижтимоий ҳимоя ва тенглик, ижтимоий барқарорлик, ижтимой адолат масаласини олдинга суришдир. Рақиб партиялар бизни “Булар текинхўрлар партияси”, деб ҳам айтишади. Лекин биласизми, жамиятда ривожланиш, барқарорлик бўлиши учун давлат ўзининг барча ресурсларини халқ фаравон яшаши учун йўналтириши керак. Aна шундагина жамиятда ривожланиш бўлади. Бу бизнинг сиёсий қарашларимиз.
Бизни “боқимандалар”, деб қарашлари ҳам мумкин. Лекин бундай қарамаслик керак. Жамиятдаги инсонлар тенг эмас ва улар ижтимоий ҳимояга муҳтож. Манаман деган тадбиркор эртага бизнинг электоратимиз бўлиб қолиши мумкин.
Ҳозир QALAMPIR.UZ офисига кириб келаётганимда бир паннога кўзим тушди: зўравонликка учраган аёллар. Уларни ҳам кимдир ҳимоя қилиши керак-ку! Уларни жамиятдан суриб ташламаймиз-ку! Кимдир ногирон, бошқа биров ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин. Шундай пайтда уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган сиёсий кучлар чиқиши керак. Ҳукумат олдига уларнинг масаласини қўя олиш керак.
Партиялар бир-бири билан ўзаро рақобатлашиб, жамиятнинг ўсиши учун асосий туртки бўлиб хизмат қилади. Чунки партиялар ижрочи эмас. Партиялар ғояларни кўтариб чиқувчи, фикрлар берувчи ва жамиятни ривожлантиришга ундовчи, уни назорат қилувчи кучга эга бўлган сиёсий ташкилот.
Қ.Ш.: — Раҳбар сифатида эмас, электорат ўлароқ ўз партиянгиздан қониқасизми?
У.И.: — Aлбатта, қониқаман. Чунки ХДП – жуда катта қадрятларга эга бўлган ягона партия. У Ўбекистондаги барча сиёсий жараёнларда қатнашган. Мамлакатнинг бугунги кунга етиб келиши учун барча президентлик ва парламент сайловларида иштирок этган ягона партия ҳисобланади.
Қ.Ш.: — Шу ўринда рақамлар нуқтайи назаридан охирги пайтда кескин обрўсизланиб кетган партия, десак ҳам муболаға бўлмайди. Гап сайловда қатнашишда эмас, қандай қатнашишда. Келинг, энди фактлар билан гаплашайлик. 1999 йилда илк бор Олий Мажлис депутатлигига сайлов бўлганди. Ўша йили катта овоз билан 32 киши сайланган. 2004 йилда эса яна Олий Мажлисга ўтган сайловда 35 аъзо сайланган ва бу ҳам яхши кўрсатгич. 2009 йилда ХДПдан 32 аъзо сайланган, ўтган сайловга қараганда 3 тага камайган. 21 фоиз ўрин олгансизлар. 2014 йилда учинчи ўринга тушяпсизлар, 27 аъзо сайланган. ЎзЛиДеП ва “Миллий Тикланиш” сизларни ўзиб ўтган. 2019 йилда эса “Хуш келибсан, ХДП!” 22 та аъзо билан тўртинчи ўринда (15 фоиз). Партия нима учун бу қадар обрўсизланиб кетди?
У.И.: — Биласизми, бунда рақобатга қараш керак. Олдин Экологик партия Экологик ҳаракат эди. Демак, 4 та партия ўртасида рақобат бўлган. Кейин эса партия сони 5 тага етди. Aгар келажакда яна бир қанча партиялар ташкил этиладиган бўлса, рақобат яна ортади. Қаердадир тарғиботни амалга оширишда ёки халқни ичига кириб бориб, унинг дардини эшитишда камчиликка йўл қўйган бўлишимиз мумкин. Бу кўрсаткич бирданига пайдо бўлган эмас. Шу ўринда яна бир фикрни айтмоқчи эдим: масалага фақат Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 та ўрин билан баҳо бермаслик керак. Маҳаллий кенгашлардаги ўрин билан қарайдиган бўлсак, бизнинг партиямиз ҳамон биринчи ёки иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Қ.Ш.: — Сайловга тайёргарлик қандай кетяпти? 3 млрд номзодингиз тарғиботи учун кўп ё кам эмасми?
У.И.: — Биласизми, барчага тенг имконият бериляпти. Бу маблағ ҳаммага тенг берилган. Бу пул албатта ишлатилади.
Қ.Ш.: — Унда нима учун 2019 йилдаги сайловнинг пулларини бюджетга қайтариб бердинглар?
У.И.: — Бошқа партиядагилар қайтарган бўлиши мумкин, лекин ХДП ўз номзодларининг тарғиботи учун бу маблағни тақсимлаб ишлатган. Шунингдек, бу маблағлар назоратга олинади. Сайлов тугаганидан сўнг ҳисоб-китоб қилинади.
Қ.Ш.: — Президент сайловига тайёргарлик ишлари бошланди. Президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Aсадов июнь ойи охирига келиб Ўзбекистонда сайлов тарғибот ва ташвиқот ишлари бошланиши ҳақида маълум қилганди. ХДПда бу жараён қандай кетяпти?
У.И.: — Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари 2019 йилги парламент сайловлари тугагандан сўнг бошланган. Назаримда, барча партиялар ўз номзоди Президент бўлишини хоҳлайди ва бунга интилади. Шу нуқтайи назардан олиб қарайдиган бўлсак, ХДПда ҳам 2019 йилдаги сайлов тугаганидан сўнг навбатдаги Президент сайловига тайёргарлик бошлаган.
Биласизми, Президент сайловига тайёргарликни 2016 йилдан эмас, 2019 йилдаги парламент сайловларидан кейин бошладик?! Чунки 2019 йилдаги сайлов Ўзбекистон тарихидаги бутунлай янги ва очиқ сайловлар сифатида ўтди.
Мен бу партияга раҳбар сифатида 2019 йилда келганман ва ўша кундан ҳам парламент сайловига, ҳам президент сайловига тайёргарликни бошлаганмиз. Президент сайловига бизнинг партиямиз янги стратегия билан кириб келяпти. Бу нималардан иборат дейдиган бўлсак, халқ билан янгича ишлаш механизми орқали номзодимизнинг сайлов дастурини шакллантиришни бошладик. Биз янги дастуримизни экспертларга бердик ва улардан олинган танқидий фикрлар орқали янада ривожлантирдик. Биз, албатта, президент сайловида қатнашамиз. Aгар қатнашмасак, бу тарихий хато бўлади.
Қ.Ш.: — ХДПнинг номзоди ким?
У.И.: — Қурултойгача бу масалани муҳокама қиламиз. Номзод ҳақида ўйлаяпмиз. Номзодни партия кўрсатади ва унинг дастурини ҳам партия ишлаб чиқади. Биз дастуримизни экспертларга тасдиқлатдик ва уни эълон қилишга тайёргарлик кўряпмиз.
Номзодни қонунчиликда белгиланганидек сайловга 45 кун қолганда эълон қиламиз ва уни рўйхатдан ўтказамиз. Номзод кимлигини ҳозирча айта олмаймиз.
Қ.Ш.: — Сиз номзодлар орасида бормисиз?
У.И.: — Партия етакчиси сифатида мени ҳам номзодим бор, албатта. Бошқа етакчиларимизнинг, вазир лавозимида ишлаб турган ёки халқнинг хизматида юрган фаолларимизнинг ҳам номзодлари бор. Бу номзодлар расмий бўлиши учун аввало қурултойда тасдиқланиши керак.
Қ.Ш.: — Aгар номзодлар ичида бўлсангиз ва сайлансангиз, бу биз учун катта фахр бўлади. “Қачондир Президент Иноятов бизнинг студиямизда меҳмон бўлган”, деган фикрларни айтармиз.
У.И.: — Орзуга айб йўқ. Ҳатто, набираларим ҳам президент бўлишни орзу қилади ва мен бу билан фахрланаман.
Қ.Ш.: — Бугун ҳаётимизга “Янги Ўзбекистон” деган атама кириб келган. Сиз уч Ўзбекистонни кўрган шахссиз. Бу – собиқ иттифоқ даври, 27 Каримов бошқарувидаги Ўзбекистон ва охирги беш йилдаги Ўзбекистон. Ислом Каримов даврида, 2013 йилда Халқ таълими вазири лавозимига тайинландингиз. Беш йил мобайнида шу “саҳна”да ишладингиз. Даврлардаги ва бошқарувдаги шахсларнинг фарқи нимада?
У.И.: — Юқорида айтганимдек, ҳар бир инсон ўз тарихидан фахрланиши ва ғурурланиши керак. Ўзида куч топиши керак. Шундагина ривожланиш ва ишонч бўлади. Ҳар бир даврнинг ўз ютуқлари ва камчиликлари бор. Шу нуқтайи назардан мен, албатта, бу уч даврни таҳлил қиламан.
Ислом Каримов буюк шахс. У мустақил Ўзбекистоннинг асосчиси. Aгар у инсон бўлмаганда эди, Ўзбекистон бугунги мустақиллигига эришмаган бўларди. Уни қадрлашимиз, хотирлашимиз керак.
Ҳозир сиз ёшларда креативлик анча ривожланган. Таққослаш ва қиёслашда бирданига оқ ва қорани ажратиб ташлаш хусусиятлари бўлади. Бугунги замон ёшлари бутунлай бошқача қараш билан юради. Мен ўша даврларни яшаб ўтган шахс сифатида бугунги кунга шукрона қиламан.
Қ.Ш.: — Сиз бир раҳбардаврида вазирликка келиб, бошқаси даврида вазирликдан кетган инсонсиз. Келган даврингизга қандай баҳо берасиз? Каримов нима учун сизни бирдан Халқ таълими вазири лавозимига олиб келган?
У.И.: — Биласизми, мен Ислом Каримовни 2003 йилгача телеведение ва газеталар орқали таниганман, ўзлари билан шахсан кўришмаганман. 2003 йилдан бошлаб олдинги Президент девонида фаолият олиб борганман. Яна бир муддат таълим соҳасига қайтиб, шу соҳада ишлаганман. 2013 йилда Халқ таълими вазири сифатида келишимнинг сабаби Низомий номидаги ТДПУ ректори бўлганим бўлса керак.
Мен ректорман ва кабинетимда ўтирибман. Ўша пайтдаги давлат маслаҳатчиси қўнғироқ қилиб, “Тошкентдамисиз?”, деди. “Ҳа, Тошкентдаман”, деб жавоб қилдим. Мендан зудлик билан девонга етиб келишимни сўрашди. Борганимдан кейин Ислом Каримов мен билан суҳбатлашмоқчи эканлигини айтишди. “Нима масалада?”, деб сўраганимда, таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида эканини айтишди. Орадан икки соатча вақт ўтганидан кейин давлат маслаҳатчиси билан бирган Каримовнинг олдига кирганмиз. Оғир, босиқлик билан “объективка”мни ўқиб, бир-иккита савол бердилар. Ўша пайт чет тилларини ўқитиш бўйича қарор энди қабул қилинган эди. Шу бўйича фикримни сўрадилар. Мен эса буни қўллаб-қувватлашимни айтдим. Шундан кейин университетдаги аниқ ва табиий фан ўқитувчиларини тайёрлаш жараёни, ўқитувчиларнинг методик таълимоти ва унинг сифати ҳақида танқидий муносабат билдирдилар. Шулар ҳақида бироз фикр алмашдик. Суҳбатимиз тугаганидан сўнг Каримов менга юзланди ва “Суҳбатдан қандай хулоса чиқардингиз?”, деб сўради. Мен ўқитувчиларни янгича ёндашув асосида тайёрлаш керак эканлигини айтдим ва яна бир қанча умумий хулосаларимни билдирдим. Шундан кейин Ислом Каримовнинг кабинетидан чиқдик ва давлат маслаҳатчиси бугунги суҳбат ҳақида ўз фикрларимни ёзиб, эртага яна келишимни айтди. Бир кундан кейин мен ўз фикр ва хулосаларимни қоғозга тушириб, яна келдим. Давлат маслаҳатчиси менга Халқ таълим вазири лавозимига тайинланганимни айтди ва фармоннинг нусхасини берди.
Қ.Ш.: — Лавозимдан кетгунингизга қадар неча марта ҳозир амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев билан кўришгансиз ёки яккама-якка суҳбатлашгансиз?
У.И.: — Ҳар уч-тўрт ойда бир марта яккама-якка суҳбатлар бўлган. Сабаби биз тақдимотлар ўтказардик ва бу жараёнда, албатта, алоҳида суҳбат бўларди. Тақдимот давомида ўша пайтдаги муаммоларни аниқ ва лўнда қилиб айтиб, унинг ечими ҳақида гаплашардик.
Қ.Ш.: — Ўзбекистонда бошқа партиялар ҳукмрон партия билан муроса қилиб ишлашга мажбур ёки уларни ўзаро тийиб туриш принципи ишлайди, деган фикрларга қандай қарайсиз? Бу нафақат қонунчиликда таклиф ёки қонун ишлаб чиқиш жараёнидаги ўзаро дебатларда балки, ҳатто пиар ва рекламада ҳам сезилади. Бошқа партиялар ҳукмрон партиядан ўзиб кетмаслиги керак, деган тактика ишлайди. Буларга муносабатингиз қандай?
У.И.: — Бизда ҳукмрон партиянинг ўзи йўқ! Сиз қайси партияни “ҳукмрон” деб айта оласиз?! “Ҳукмрон” деган номни олиш учун у партия Олий Мажлис Қонунчилик палатасида камида 50 фоиздан кўпроқ ўринни эгаллаши керак. Бизда ҳеч қайси партия бундай ўринни эгалламаган. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, ҳукуматнинг шаклланишида барча партия бирдай қатнашади.
Қайсидир партияни “босиб” туриш деган нарса эса йўқ.
Қ.Ш.: — Бугун киберҳужумлар ортиб бораётган, дунёнинг исталган жойида исталган ҳаракатни амалга ошириш мумкин бўлган даврда ХДП кўрсатаётган дастур ва у номзоди мана шундай оғир жараёнларга дош бера оладими? Чунки ўзингиз кўриб турибсиз, Aфғонистондаги ҳолат жуда ҳам хавотирли ва чегара нуқтайи назаридан Ўзбекистонга ҳам хавф солиши мумкин. ХДП кўрсатаётган номзодларнинг сиёсий иродаси бунга тайёрми?
У.И.: — Ўйлайманки, ҳар бир партия сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида қайсидир қатламнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кўпроқ эътибор қаратиши мумкин. Лекин президент сайловида ҳар бир партия бутун халқнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ва уларнинг муаммолари ечимига қаратилган дастурлар билан қатнашади. Бир нарсани унутмаслигимиз керак, халқимиз партияларнинг ғоясига қараб эмас, кўрсатилган номзоднинг амалий бажарган ишларига қараб овоз беради. Шу нуқтайи назардан олиб қарайдиган бўлсак, ҳар бир партия, жумладан, ХДП ҳам халқ ичида эътибор ва обрў қозонган, улар учун амалий иш бажарган номзодини қурултойда тасдиқлайди.
Қ.Ш.: — 2016 йилда Президент сайловида ғалаба қозонган ЎзЛиДеП дастурида олға сурган ваъдаларни тўла-тўкис амалга оширдими? Бунда Президент Мирзиёевнинг иштироки қандай бўлди?
У.И.: — Инсон ҳеч қачон тўлиқ қониқмайди. Aгар рақиб партия сифатида қарайдиган бўлсак, жавобим шуки, “йўқ!”. ЎзЛиДеП томонидан илгари сурилган ғоялар тўлалигича ва биз кутгандек амалга оширилгани йўқ. Масалан, бугунги кунга келиб энг жиддий муаммо меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг ишсизлиги. Бутун ҳукумат ўзининг барча ресурсларини ишсизликни йўқотишга қаратиши ҳамда янги иш ўринларини ташкил этишга йўналтириши керак. Қиляпти, лекин ҳали кутилган даражага келганимиз йўқ. Қачон халқ рози бўлади? Қачонки, фуқаронинг бандлиги таъминланса ва унга иш берилса. Шунингдек, у ўз ишига яраша ойлик маош олиши керак.
Қ.Ш.: — Aгар сизнинг номзодингиз сайловда ғалаба қозонса, мана шу муаммоларни тўлиқ бартараф этишга ваъда бера оласизми?
У.И.: — Биз мазкур муаммони ечиш учун ўз стратегиямизни ишлаб чиққанмиз ва буни ечиш учун ҳаракат қиламиз. Лекин бу масала қай даражада ҳал қилинади, буни олдиндан айтиш қийин. Юқорида айтганимдек, ҳаракат бўлади, албатта.
Қ.Ш.: — Ўзбекистон қарийб бир ярим йилдан бери пандемия исканжасида. Ҳукуматнинг, Республика махсус комиссиясининг ва давлатнинг фавқулодда олиб борган фаолиятини сиз қандай баҳолайсиз?
У.И.: — “Темир дафтар”ларнинг ташкил этилиши, ҳар бир масъул комиссиянинг вазифалари белгиланиши, “Саховат ва кўмак” жамғармасининг ташкил этилиши, “Инқирозга қарши кураш” жамғармасининг ташкил этилиши ва пандемия давридаги ажратилган маблағлар ва уларнинг ишлатилиш масаласи бўйича бюджет қонуни қабул қилинган. Мана икки йилдирки, бюджет қонун билан тасдиқланади ва бюджетнинг ижроси бўйича ҳар уч мутасадди раҳбарлар ойда Олий Мажли Қонунчилик палатаси депутатлари олдида ҳисобот беради. Шунингдек, муҳокамалар жараёнида кейинги йилнинг бюджетини тасдиқлашда йўналиш, таклиф ва тавсиялар берилади.
Бу жараёнларда депутатлар очиқ-ошкор қатнашишади. Шу нуқтайи назардан махсус комиссиянинг йиғилишларига ҳам депутатлар таклиф этилади. Улар ҳам комиссиянинг чиқараётган қарорларидан хабардор бўлади. Мен “Мана бу комиссия ёпиқ ҳолда ишлади”, деб айта олмайман. Махсус комиссия қабул қилган қарорларини очиқ-ошкора ижтимоий тармоқларга ҳам жойлаб боряпти. Aгар пандемия даврида ҳукумат аниқ чора-тадбирларни белгиламаганда эди, иқтисодимиз бугунги ҳолатда бўлмасди. Aгар эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистонда пандемиядаги йўқотишлар бошқа давлатларга қараганжа катта бўлмади. Бунинг барчаси Махсус комиссиянинг фаолияти билан боғлиқ, деб қарашимиз керак. Чунки комиссия бу – ижро этувчи орган ва унинг назорати бўйича парламентда ҳисобот берилади.
Икки ой олдин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг биринчи ўринбосари келиб, эмланиш жараёнлари бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида парламентга ҳисобот берди. Бу борада эса ҳар бир фракция ўз ташаббуси билан чиқади. Кимдир соғлиқни сақлаш йўналишида, кимдир тадбиркорлик соҳасида, яна кимдир эса бошқа масалалар бўйича ҳукуматни чақиради ва боя айтганингиздек, депутатлар олдида, парламент олдида ўз ҳисобдорлигини таъминлайди. Бунинг учун қонунчилигимизда жуда катта имкониятлар берилган. Шу нуқтайи назардан айтадиган бўлсак, ҳукумат ҳар доим парламент олдида ҳисобдор. У ҳар чоракда амалга оширган ишларини ҳисоботини беради. Ҳисоб палатаси бунинг таҳлилий жиҳатлари бўйича ҳам ушбу жараёнларда иштирок этади.
LiveБарчаси