“Истеъфога чиқмайсизми, жаноб?” Иноятовдан лавозимидан кетиш сўралмоқда
Жамият
−
08 Сентябрь 2023
39480Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида фаолият юритувчи “Сурхон овози” газетаси Бош муҳаррири Қурбонбой Жўраназаров “Халқ” демократик партиясидан президентликка собиқ номзод Улуғбек Иноятовдан истеъфога чиқишни сўраб мақола эълон қилди.
“Бетга айтганнинг заҳри йўқ” рукни остида чоп этилган “Истеъфога чиқмайсизми, жаноб?” номли мақола газетанинг 2023 йил 5 сентябрь сонидан ўрин олган бўлиб, унда муҳаррир Улуғбек Иноятовнинг сайловда кўрсатган натижаси ўта уятли эканини айтиб, уни “қўғирчоқ” деб атаган.
“Улуғбек Илясович! Сайлов ҳам кураш майдони. Мард майдонга тушади. Майдонга тушган ор учун ҳалол курашмоғи лозим. Ўшанда элнинг олқишига сазовор бўлади. Рақибдан қўрққан, ҳайиққан майдондан нарироқ юргани маъқул. Қандайдир манфаатни кўзлаб, шунчаки номига кўриниш бериш уят эмасми? Нима қилади ўзини ҳам, бошқаларни ҳам аҳмоқ қилиб? Кураш майдони қўғирчоқлар томоша кўрсатадиган жой эмас, ахир”, дейилган мақолада.
Унинг айтишича, ўтган Президентлик сайловларида фикрлар хилма-хиллиги сезилмаган, сиёсий рақобат муҳити яратилмаган.
“Хуллас, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек силлиққина кечди. Сайловолди дастурингизда ҳеч қандай янги фикр, янги ғояни кўрмадик. Қуруқ сафсатадан нарига ўтилмади ва шунга яраша “мукофот”ини ҳам олдингиз. Овоз бериш натижалари бунинг далилидир. Атиги 4,02 фоиз овоз олиб, номзодлар орасида охирги ўринга тушиб қолишингизга бир баҳя қолди, холос. Бу сиз раҳбарлик қилаётган партия учун шармандали ҳолат эмасми? Чинакам демократик давлатларда сайловда мағлубиятга учраган партия етакчиси дарҳол ўз хоҳиши билан лавозимидан воз кечади”, деган Жўраназаров.
Қолаверса, у ўз мурожаатида давом эттирар экан, Иноятовнинг жорий йилнинг 9 июлида бўлиб ўтган президентлик сайловидаги бефарқлиги сабаб, “Халқ” демократик партияси мавқейига путур етганини қўшимча қилган.
“Шундай экан, партия Марказий Кенгаши раиси вазифасидан истеъфога чиқсангиз марднинг иши бўлар эди. Бизда-ку бундай анъана йўқ. Сиз бошлаб берсангиз зап иш бўларди-да. Бу менинг шу юрт фуқароси, сайловчи сифатидаги шахсий фикрим. Сиз нима деб ўйлайсиз, жаноб?” дея ХДП раиси Иноятовга истеъфо сўраб мурожаат қилган Жўраназаров.
Маълумот учун, Улуғбек Иноятовдан аввал Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг ҳам истеъфоси сўралган эди.