Президент “мудраб” ўтирган ҳокимларни танқид қилди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 9 апрель куни кўпчилик ҳокимлар туризм қандай катта йўналиш эканини тушуниб етмаётганини кўрсатиб ўтди. Бу ҳақда у ўзи раислигида ўтаётган ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очди.

Йиғилишда мавсум бошланганига бир ойдан ошгани билан капсулали уйлардан иборат маскан фақат Китобда очилгани қайд этилиб, қолган 35 та туман ва шаҳар ҳокими “мудраб” ўтиргани танқид қилинди.

Капсулали уйларни қуриш ва жиҳозлашга Туризм жамғармасидан 10 миллион сўмгача субсидия ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, сайёҳлар Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарёдан ўтган магистраль ва ички йўллар аҳволидан норозилиги қайд этилди.

Мутасаддиларга “туризм ҳалқаси”га кирган йўлларни таъмирлаш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, ишларни бошлаш топширилди.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3,5 миллиард долларга етган. Бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлаган. Муҳими – ўтган йили хорижий сайёҳлар оқими илк бор 10 миллионлик маррадан ўтган. 

Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланаётгани таъкидланди.  Хусусан, ўтган 8 йилда маҳаллий ва хорижий инвесторлар 6,5 миллиард доллар сармоя киритиб, 130 минг меҳмонхона ўрни яратди. Бу йили улар яна 30 мингга кўпаяди. 

Таъкидланишича, Паркентнинг “Олтин бел” чўққисида халқаро даражадаги янги тоғ-чанғи зонаси барпо этиляпти. Франциянинг “Куршавель” тоғ-чанги курорти тоғли ҳудудларимизда Европа стандартига мос туризм масканларини ташкил қилишга катта қизиқиш билдирмоқда. 

“Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Бой тарихий-маданий меросимиз, гўзал ва бетакрор табиатимиз сайёҳларни 2-3 карра оширишга етади”, деди Президент.

Туризмнинг иқтисодиётдаги улушини 7 фоизга, экспортни 10 миллиард долларга етказиш бўйича 2040 йилгача стратегия ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Туризм ҳокимлар Капсулали уйлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг