Президент миграция шартномалари тузишни тезлаштиришни буюрди
Жамият
−
18 Ноябрь 8004 3 дақиқа
Айни пайтда қатор Европа давлатлари ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси бўйича келишувлар мавжуд эмас. Шу сабабли, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тегишли ҳукуматлараро ҳужжатларнинг имзолаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 18 ноябрь куни Шавкат Мирзиёевга ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш ва миграция жараёнларини халқаро стандартлар асосида йўлга қўйиш масалалари юзасидан ахборот берилган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда фуқароларни меҳнат қилиш учун чет элга тартибли жўнатиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар туфайли меҳнат бозори диверсификация қилинмоқда, фуқаролар асосан юқори маошли иш ўринларида ишлаш учун хорижга кетмоқда. Натижада 2016 йилга нисбатан чет элда ишлаётган фуқароларнинг сони камайган бўлса-да, улар томонидан юборилган маблағ 3,8 миллиард доллардан 2025 йилнинг ўн ойи якунида 15,8 миллиард долларга етган.
Тақдимотда хорижий меҳнат бозорида малакали мутахассисларга катта талаб борлиги қайд этилган. Ҳозирда 140 минг нафар мутахассисга буюртма мавжуд, аммо тил ва касбий малака бўйича талабларга жавоб бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш борасида қилинадиган ишлар ҳали кўплиги кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, меҳнат миграцияси хизматлари тарқоқ бўлгани учун одамлар оворагарчиликка дуч келмоқда.
Шу мақсадда соҳадаги хизматларни тартибга солиш, барча жараёнларни “ягона дарча” тамойили асосида бирлаштириш вазифаси қўйилди.
Тошкент шаҳри Учтепа туманида “Хорижга ишга тайёрлаш маркази”, Термиз шаҳрида “Ягона миграция хизматлари” маркази ташкил этилади. Пойтахтнинг Яшнобод туманида эса халқаро компаниялар билан ҳамкорликда немис ва япон тилларига ўқитиш мактаблари очилади.
“Сўнгги йилларда Европа мамлакатларига миграция оқими 4 баробар кўпайгани таъкидланди. У ерда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди. Айни пайтда қатор Европа давлатлари билан меҳнат миграцияси бўйича келишувлар мавжуд эмас. Президент томонидан тегишли ҳукуматлараро ҳужжатларнинг имзолаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, хорижий давлатларда миграция бўйича атташе ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарини кўпайтириш, мамлакат ҳудудларида эса виза марказларининг кўчма офисларини очиш режалаштирилган.
Тақдимотда миграция хизматларини рақамлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
“Хорижда иш” платформасида 25 турдаги хизмат тақдим этилмоқда, жорий йил бошидан буён 524 минг фуқаро онлайн хизматлардан фойдаланган. Лекин хизматларнинг барчаси ҳам рақамлашмаган.
Президент тизимга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали хизмат кўрсатиш жараёнларини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этган. Платформада биометрик идентификация, хориждаги иш ўринларини реал вақт режимида кузатиш, фуқароларга масофавий маслаҳат беришни йўлга қўйиш бўйича режалар ҳақида ахборот берилган. Миграция агентлигида фуқароларга тун-у кун тезкор ёрдам берадиган Ситуацион марказ ташкил этиш таклиф қилинган.
Тақдимотда ноқонуний миграция ва консалтинг хизматлари кўрсатишда фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани кўрсатиб ўтилган. Шу муносабат билан, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида халқаро аэропортларда интерактив миграция инфокиоскларини ўрнатиш, лицензиясиз фаолиятни амалга оширган консалтинг ташкилотлари учун жарима миқдорини ошириш таклиф қилинди. Жиноят кодексига ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва кўмаклашиш учун жавобгарлик киритиш масаласини ўрганиш топширилди.
Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, меҳнат миграцияси жараёнларини янада қулай, хавфсиз ва шаффоф қилиш бўйича мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонлик тажрибали ҳайдовчилар Бирлашган Араб Амирликларидаги компания томонидан такси ҳайдовчиликка жалб этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь