Президент мактабларига танлов қандай ташкил этилади? Шерматов жавоб берди

Бу қизиқ

image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор билан Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилади. 

Президент мактабларига қабул қилиш республика умумтаълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади.

Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади.

биринчи ўқув йилида Президент мактабларининг ҳар бирига 5-10-синфларга 144 нафардан ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

Президент мактабларида таълим жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Президент мактаблари ташкил этилиши ва давлат раҳбарининг қарори ҳақида сўз очди. Унда шундай дейилади: 

“Президент мактабларини ташкил этиш бўйича куни кеча қабул ёшларимиз орасида ўзига хос иқтидорга эга бўлганлари учун келгусида ўз истеъдодларини намоён этишга жуда катта имкониятлар очиб беради.

Бу жараённи олмосни бриллиантга айланиш жараёнига ўхшатса бўлади. Эътибор қаратилмаса, олмос ҳам оддий тошга ўхшаб қадрсиздек кўриниши мумкин, лекин ҳақиқий устасининг қўлида у жуда қимматбаҳо бриллиантга айланади.

Ҳозирги кунда, мамлакатимизнинг турли чекка ерларида яшаётган ёшлар орасида иқтидорли ўқувчиларимиз кўп. Президент мактабларининг мақсади эса ана шундай ўзига хос иқтидорли ёшларни вақтида танлай олиш ва уларга юқори малакали мутахассислар томонидан мақсадли таълим ва тарбия берилишидир.

Шу мақсадда, Президентимиз томонидан қўйилган энг асосий ва энг қийин вазифа ҳам айнан танлов жараёнини холис ва тўғри ташкил қилишдир. Албатта, замонавий бино ва ўқув жиҳозлар билан таъминлаш, ўқув жараёнини юқори савияда ташкил этиш ҳам жуда муҳим вазифадир. Лекин танлов тўғри ташкил этилмас экан, катта маблағ сарф қилинадиган бундай ишларнинг ҳам самараси юқори бўлмаслиги аниқ.

Танловни тўғри ва холис ташкил этиш учун нуфузли хорижий ҳамкор ташкилотни жалб этиш режалаштирилган ва ҳозирда қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинмоқда”.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Президент мактаблари Шерзод Шерматов

Баҳолаганлар

333

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг