Президент хорижга жўнаб кетди
Жамият
−
28 Сентябрь 2023
9308Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Канцлери Олаф Шольцнинг таклифига биноан бугун, 28 сентябрь куни амалий ташриф билан Берлин шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
“Аввал хабар қилинганидек, давлатимиз раҳбари Германия пойтахтида бир қатор расмий ва ишбилармонлик учрашувларини ўтказади, Марказий Осиё ва Германия давлат раҳбарлари форматидаги тадбирларда иштирок этади”, дейилади хабарда.
Германияга Шавкат Мирзиёевдан ташқари Марказий Осиёнинг бош давлатлари раҳбарлари – Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам бормоқда.
29 сентябрь куни канцлер Олаф Шольц ўз қароргоҳида Марказий Осиёнинг бешта давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентларини қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари қатнашганди. Саммитдан сўнг “Forbes” нашри АҚШ Президенти Жо Байденнинг янги геостратегик ташаббусида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муҳим роль ўйнашини ёзган.