Президент фармони билан Адлия вазирлигига қўшимча вазифалар юклатилди
Жамият
−
21 Май 2020
3650Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан, норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш борасида адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) зиммасига қуйидаги қўшимча вазифа ва функциялар юклатилсин:
жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган изчил ҳуқуқий сиёсатни такомиллаштириш;
барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш ишларини самарали йўлга қўйиш, қабул қилинганига кўп вақт бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш;
фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштирилишини таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш ва ривожлантириш;
қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларга етказиш кўламини кенгайтириш, бу борада тармоқ вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш;
маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида мунтазам равишда такомиллаштириб бориш;
давлат бошқаруви тизимининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси ўрнининг яхшиланишига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий омиллар юзасидан фундаментал ҳуқуқий тадқиқотлар ўтказилишини таъминлаш;
адлия органлари ва муассасалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш орқали “виртуал адлия” тизимини ишга тушириш.
Вазирлик мазкур бандда келтирилган қўшимча вазифа ва функцияларни амалга ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.
2. Қуйидагилар:
2020–2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси 1-иловага мувофиқ;
2020–2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепциясини 2020–2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;
2020–2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлик 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 1 декабрга қадар жорий йил учун белгиланган вазифаларнинг бажарилишини чуқур таҳлил этган ҳолда мазкур концепцияни амалга ошириш юзасидан келгуси йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.
3. Вазирлик 2020 йил якунига қадар шу жумладан, қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришилишини таъминласин:
Вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳалари сифатида қабул қилиш орқали уларнинг улушини 20 фоизга етказиш;
давлат бошқаруви тизимини функционал таҳлил қилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг камида 10 та функцияларини нодавлат секторга ўтказиш бўйича таклиф киритиш;
2018–2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолиятини;
электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 12 фоизга етказиш;
аҳолига Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган янги хизматлар сонини 15 тага ошириш;
нодавлат нотариат шаклига айлантирилган давлат нотариал идораларининг улушини 95 фоизга етказиш;
29 та қонуности ҳужжатлари билан белгиланган жавобгарлик ва санкция нормаларини чуқур таҳлил қилиш ва тегишли қонунларга киритилишини таъминлаш.
4. Вазирлик амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш бўйича ваколатли орган деб ҳисоблансин.
Шундай тартиб жорий қилинсинки, унга мувофиқ Вазирлик:
янги (қайта) ташкил қилинган вазирлик ва идоралар, шу жумладан, улар таркибидаги алоҳида ташкилотларга (агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқалар) юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали амалга оширилаётганлигини улар янги (қайта) ташкил қилинган кундан бошлаб камида 6 ой ўтгандан сўнг ўрганади;
мазкур ўрганишларга тегишли масалага тааллуқлилигидан келиб чиқиб, бошқа вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини жалб қилишга ҳақли;
ўрганиш натижалари бўйича асослантирилган таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади;
маъмурий ислоҳотлар доирасида вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқиладиган янги ташаббусларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан инобатга олиниши мажбурий бўлган хулосалар беради;
вазирлик ва идоралар, шу жумладан, улар таркибидаги алоҳида ташкилотларнинг (агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқалар) вазифа ва функциялари амалга оширилишининг самарадорлиги кўрсаткичларини (индикаторларини) баҳолайди ва натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида муҳокама қилиш учун умумлаштирилган ҳисобот, шунингдек, самарадорлик кўрсаткичларига (индикаторларига) эришмаган давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича таклиф киритади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ–5505-сон Фармони билан ташкил қилинган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Вазирликнинг 2020 йил 1 июлдан бошлаб:
хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солинишини тақиқлаш;
жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг фақатгина қонунлар билан ўрнатилишини белгилаш;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўймаслик;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўймаслик;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни Вазирликда мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олиниши ва кучга кириш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
6. Қуйидагилар:
Қонуности ҳужжатларининг ҳуқуқий жавобгарлик ва санкция белгиловчи нормаларини қайта кўриб чиқиш дастури 4-иловага мувофиқ;
Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклига ўтказиш режаси 5-иловага мувофиқ;
Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. 2020 йил 1 июлдан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда концептуал жиҳатдан янги механизмларни яратишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи “пакет” принципи жорий қилинсин:
янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уни амалга оширишга қаратилган ҳаволаки нормалар янги қонун билан бирга ёки қонунда белгиланган муддатда ишлаб чиқилади ва кучга киради;
янги қонун лойиҳаси билан белгиланаётган қоидалар илгари қабул қилинган қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо этганда, илгари қабул қилинган қонунларга ўзгартириш киритиш янги қонунни қабул қилиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади;
вазирлик ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бир хил масаладаги ўзгартириш ва қўшимчаларни битта ҳужжат билан киритади;
Вазирликка Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрида мавжуд бўлган ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади, бунда улар айнан бир хил масалада ва техник кўринишда бўлиши лозим.
8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилсин (ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек, унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бундан мустасно);
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб эса тўлиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.
9. Вазирлик марказий аппарати тузилмасида:
а) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги директори лавозимини сақлаган ҳолда адлия вазири ўринбосари – Интеллектуал мулк агентлиги директори лавозими тугатилсин;
б) Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимини сақлаган ҳолда адлия вазири ўринбосари – Тошкент давлат юридик университети ректори лавозими тугатилсин;
в) Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосарлари лавозимлари киритилсин;
г) бошқарув ходимларининг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида:
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш бошқармаси;
Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси ташкил этилсин.
10. Вазирликнинг давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳри ва Қарши туманида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказларини (кейинги ўринларда – Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки, Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари:
бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилади;
тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.
Вазирлик эксперимент натижалари асосида 2021 йил 1 январга қадар ушбу тизимни республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифларни киритсин.
11. Вазирлик ҳузуридаги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси, “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти давлат унитар корхонаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Вазирлик қошида давлат муассасаси шаклидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилсин.
Белгилансинки, Марказ:
аҳоли ва ижрочиларга жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси ҳисобланади;
таркибидаги “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририяти амалдаги хизмат кўрсатиш соҳаларини сақлаб қолган ҳолда фаолият юритади ва ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади, ушбу маблағларнинг етишмаган қисми эса Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.
12. Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги норматив ҳужжатларни қабул қилувчи барча вазирлик ва идоралар уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига жойлаштириш учун Вазирликка техник регламентлар, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар, санитария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормалари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, экологик нормалар ва қоидалар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа ҳужжатларнинг тақдим этилишини таъминласин.
Вазирлик 2021 йил 1 январга қадар техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги норматив ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига жойлаштириш ишларини тўлиқ якунласин ва натижаси ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсин.
13. Вазирлик:
а) 2020 йил 1 июлдан бошлаб идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғини қабул қилиш амалиётини бекор қилсин ҳамда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга давлат реестри орқали уникал рақам берган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилишини;
б) вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятида қонун ҳужжатлари ва мазкур Фармонда кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борилишини;
в) бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини бекор қилиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;
Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ва “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолиятини ташкил қилиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳалари киритилишини;
г) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда:
тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг комплекс тизимини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган, шу жумладан, адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 7-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
15. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзёев
Тошкент шаҳри, 2020 йил 19 май
LiveБарчаси