Президент “China Energy” компанияси раиси билан учрашди
Олам
−
18 Октябрь 2023
3344Бугун, 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга ташрифининг иккинчи кунидаги тадбирлар доирасида “China Energy Engineering Corporation” раиси Сун Хайлян билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Замонавий энергетика, инфратузилма ва саноат объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш борасида катта тажрибага эга Хитойнинг “China Energy” етакчи корпорацияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда. Компания активларининг қиймати 150 миллиард доллардан ортиқ.
Учрашувда компания Ўзбекистон энергетикасини технологик модернизация қилишда фаол иштирок этаётгани мамнуният билан қайд этилган.
“China Energy” Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида қуёш ва шамол электр станциялари, Сирдарё вилоятида иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Компания Навоий вилоятида гибрид электр станциясини барпо этишда иштирок этиш ниятида.
Бундан ташқари, жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқанд вилоятида цемент ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватлар биргаликда ишга туширилган.
“China Energy” билан шериклик истиқболлари, шу жумладан, инфратузилма объектларини модернизация қилиш, энергияни сақлаш тизимларини ташкил этиш, энергетика тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш дастури доирасида малакали мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинган.
Сув хўжалигида кооперация қилиш, саноатнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича комплекс дастурни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида "China CAMC Engineering" компанияси раиси Ван Бони қабул қилганди. Бундан ташқари, кеча, 17 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Хитойга амалий ташрифи доирасида Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти Во Ван Тхионг билан учрашганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15