Президент Бухородаги аҳоли хонадонида меҳмон бўлди
Жамият
−
10 Август 2023 9784 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 10 август куни амалий ташриф билан Бухоро вилоятига боргани ҳақида хабар берилган эди. Мирзиёев Ромитан туманидаги “Қаҳрамон” маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши билан яқиндан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Президент “Қаҳрамон” маҳалласида яшовчи Ҳалил Қобилов ва Гулбаҳор Тўхтаевалар хонадонида меҳмон бўлган. Манзилда қўни-қўшнилар, оқсoқоллар йиғилган ҳамда ўзаро самимий суҳбат қурилган. Бунда маҳалла раиси ҳудуддаги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берган.
Хабарда келтирилишича, маҳаллада ўндан ортиқ савдо дўкони, тикувчилик устахоналари, меҳмонхона ва ресторанлар бор. Уларда маҳаллий ёшлар ишлаб, даромад топмоқда. Умуман айтганда, маҳаллада ишсиз одам йўқ, ўтган даврда биронта жиноят содир этилмаган.

““Обод маҳалла” дастури асосида инфратузилма яхшиланган. Хусусан, ички йўллар асфалтланиб, пидёдалар йўлаклари қурилган. Трансформатор ўрнатилиб, электр тармоқлари янгиланган.
Одамларга нима куч беради? Ислоҳотлар натижасини ўз ҳаётида кўриш. Бугун одамларимиз шундай руҳ билан эртанги кунга интиляпти. Ҳаракат қилган оиланинг бири икки бўляпти. Халқимиз бизга катта ишонч билдирди. Янада ўзгаришларни, янги ташаббусларни кутяпти. Бу жуда юксак масъулият”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, учрашувда нуронийлар ёшлар тарбияси, туман ривожи бўйича ўз таклифларини билдирган.
Маълумот учун, “Қаҳрамон” маҳалласида 3 минг 900 нафарга яқин аҳоли яшайди. Маҳалланинг драйвери ҳунармандлик ва иссиқхона хўжалиги дейиш мумкин. 200 гектар майдондаги иссиқхоналарда бозорбоп сабзавотлар етиштириб сотилади. Ҳудудда мебелсозлик, тикувчилик, зардўзлик яхши ривожланган.

Live
Барчаси