Президент Бош вазир ва ҳокимларга санитария-эпидемиология муассасалари ҳолатини ўрганишни буюрди

Жамият

image

Ўзбекистонда юқумли касалликлар шифохоналари ва санитария-эпидемиология муассасаларининг аксарияти моддий-техник базаси, айниқса, лабораторияси, тиббий анжом ва жиҳозлари ачинарли ҳолатга келиб қолган. Бу ҳақда бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз очди. 

Давлат раҳбари Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши олиб борилаётган ишлар ҳақида гапираркан, шифохоналарнинг ҳолатига эътибор қаратди. 

“Сўнгги йилларда санитария-эпидемиология масаласига жиддий аҳамият бермоқдамиз. Ҳозирда юртимизда 2 та республика даражасидаги шифохона, 14 та вилоят юқумли касалликлар шифохоналари, 216 та ҳудудий санитария-эпидемиология муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

Бироқ, кейинги 25 йил давомида умуман эътибор бермаганимиз учун аксариятининг моддий-техник базаси, айниқса, лабораторияси, тиббий анжом ва жиҳозлари ачинарли ҳолатга келиб қолгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Шу сабабли, бугунги кунда республика санитария-эпидемиология хизматини тубдан ислоҳ қилиш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ишчи гуруҳ томонидан алоҳида қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.

Мазкур хизматнинг асосий фаолияти тиббий ва санитар барқарорлик, жамоат саломатлигини таъминлаш, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини ташкил этишга қаратилади.

Бунинг учун вилоят ҳокимлари жойлардаги санитария-эпидемиология муассасаларини бирма-бир айланиб, лаборатория-диагностика, тиббий восита ва жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси, кадрлар салоҳияти, ойлик маоши каби муаммоларни чуқур ўрганиши зарур.

Ички молиявий имкониятлар асосида уларни йил охирига қадар бартараф этиш, захиралар шакллантириш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқиб, бажариш лозим.

Бош вазир республика даражасидаги ва Тошкент шаҳридаги муассасаларни бирма-бир жойига чиқиб ўрганиш ва зарур чора-тадбирлар қабул қилиниши ҳамда ижроси учун шахсан масъул бўлади.

Асосий масала – моддий-техник базани мустаҳкамлаш, кадрларни ўқитиш, илм-фанни ривожлантириш, аҳоли саломатлиги учун маблағни аямаслигимиз зарур", деди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг