Президент 9 давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди (видео)
Жамият
−
15:27 741 4 дақиқа
Бугун, 28 июль куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фавқулодда ва мухтор элчилар – Италия Республикасидан Гуидо де Санктис, Фаластин давлатидан Ваилл Баттрехи, Саудия Арабистони Подшоҳлигидан Саад Абу Хаймид, Кувайт давлатидан Турки Ал-Мекрад, Жазоир Халқ Демократик Республикасидан Жамила Ашур, Малайзиядан Рафеда бинти Абдул Азиз, Покистон Ислом Республикасидан Муҳаммад Мудассир Типу, Озарбайжон Республикасидан Рашад Мамедов ва Қозоғистон Республикасидан Ерали Тугжановларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган.
Давлат раҳбари дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Янги Ўзбекистондаги шарафли миссияси бошлангани билан чин қалбдан самимий табриклаган.
Дунёда турли геосиёсий зиддиятлар тобора авж олаётган ҳозирги мураккаб даврда дипломатларнинг масъулиятли фаолияти ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиши таъкидланган.
Президент ҳар бир элчига мурожаат қилиб, улар вакиллик қилаётган давлатлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтган.
Италия катта сиёсий ва иқтисодий салоҳиятга эга муҳим шерик экани таъкидланиб, “яшил” энергетика, металлургия, кимё, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, таълим ва туризм соҳаларидаги лойиҳалар амалга оширилаётгани, Тошкент шаҳрида Турин политехника ва Пиза университетлари филиаллари самарали фаолият юритаётгани қайд этилган.

Ўзбекистон етакчиси Ломбардия ва Тоскана ҳудудлари билан ҳамкорлик алоқалари, хусусан, тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирган.
Қайд этилишича, Фаластин билан муносабатлар азалий дўстлик руҳида ривожланмоқда. Ўзбекистон Исроил-Фаластин муаммосини “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келмоқда.

Мамлакатнинг Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида кириши Ғазони қайта тиклашга кўмаклашишга қаратилгани қайд этилган.
Билдирилишича, Саудия Арабистони билан ҳамкорлик бошқалар учун намуна бўлмоқда. Давлат раҳбари 25 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллангани, Саудия тараққиёт жамғармаси ислоҳотларга фаол кўмак кўрсатаётганини алоҳида эътироф қилган.

Қолаверса, тиббиёт, фармацевтика ва “яшил” энергетика соҳаларида катта салоҳият мавжудлиги қайд этилган. Шунингдек, фуқароларга Ҳаж ва Умра зиёратлари учун яратилаётган шароитлар юқори баҳоланган.
Кувайт билан савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида алоқаларни янги босқичга кўтариш, Кувайт инвестиция агентлиги билан нефть-кимё тармоғида ва давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар борлиги таъкидланган.

Олий даражада эришилган келишувларнинг тўлиқ ижро этилиши икки халқ манфаатларига бирдек хизмат қилиши билдирилган.
Жазоир билан сўнгги йилларда юқори даражадаги мулоқотлар фаоллашгани эътироф қилинган.
Шунингдек, нефть-газ, энергетика, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланган. Ҳукуматлараро қўшма комиссияни таъсис этиш ва Имтиёзли савдо битимини имзолаш муҳимлиги қайд этилган.
Малайзия билан муносабатлар сўнгги йилларда барча йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда. Олий ва юқори даражадаги мулоқотлар фаоллашган. Ўзбекистон бозорига ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари фаол кириб келмоқда.

Ўзбекистон етакчиси ярим ўтказгичлар, нефть-кимё, ислом молияси ва зиёрат туризми соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият борлигига урғу берган.
Покистон билан стратегик шериклик муносабатлари ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳида ривожланиб, янги сифат босқичига кўтарилган.

Тошкент – Карачи йўналишида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши, Трансафғон транспорт йўлаги лойиҳасини амалга ошириш, саноат кооперацияси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика ва туризм соҳаларидаги шерикликни янада чуқурлаштириш устувор вазифа экани таъкидланган.
Озарбайжон билан муносабатлар икки давлат етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилган. Савдо ҳажми 40 фоизга ошиб, қўшма корхоналар сони салкам 450 тага етди, юк ташиш ҳажми эса икки баробарга ўсган.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги инвестиция портфелини яқин истиқболда 10 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олингани маълум қилинган.
Бўлажак олий даражадаги учрашувлар икки томонлама ҳамкорликка янги шиддат бериши қайд этилган.
Давлат раҳбари Қозоғистон элчисига мурожаат қилар экан, мамлакатлар ўртасидаги азалий дўстлик ришталари мустаҳкамланиб, ҳозирги вақтда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кенгайиб бораётганини таъкидлаган.

Ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш асосий мақсад экани, 8 миллиард долларлик қўшма инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилгани таъкидланган, “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказини тўлиқ ишга туширишдан манфаатдорлик билдирилган.
Маросим якунида давлат раҳбари янги тайинланган элчиларга шарафли ва масъулиятли дипломатик фаолиятларига улкан зафарлар тилаган. Ўзаро шерикликни мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилишини таъкидлаган. Барча элчиларни хусусий сектор ва ҳудудлар билан фаол ишлашга, жойлардаги бунёдкорлик жараёнлари билан яқиндан танишишга чақирган.
Ўз навбатида, дипломатлар самимий қабул ва яратилган имкониятлар учун чуқур миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни фаол илгари суриш йўлида бор имкониятларини ишга солишларини таъкидлаган.
Live
Барчаси